Ўзбекистон ва Россия 2030 йилгача савдо ҳажмини бир неча баробарга оширишни режалаштирмоқда

15:20 | 3 дақиқада ўқилади.

Ўзбекистон ва Россия ўзаро товар айирбошлашни кескин ошириш ҳамда саноат ва транспорт соҳаларида ҳамкорликни чуқурлаштириш бўйича стратегик йўналишларни белгилади. Бу ҳақда икки мамлакат ўртасидаги ишчи гуруҳ йиғилишида маълум қилинди.

Rossiya

Россиянинг иқтисодий ривожланиш вазири Максим Решетников ва Ўзбекистоннинг инвестициялар, саноат ва савдо вазири Лазиз Қудратов иштирок этган музокараларда, Россиядан Ўзбекистонга экспортни 2,7 баробарга – 17,9 млрд долларгача, Ўзбекистондан Россияга экспортни эса 3,6 баробарга – 11,8 млрд долларгача ошириш режаси маълум қилинди. Бу натижаларга эришиш учун қўшма лойиҳалар фаоллаштирилиши ва бизнес учун қулай шароитлар яратилиши қайд этилди.

Томонлар саноат кооперацияси, энергетика, транспорт, фармацевтика ва логистика соҳаларида амалга оширилаётган ташаббусларни кўриб чиқдилар. Айниқса, метро вагонлари, юкловчи электровозлар ва коммунал техникалар етказиб бериш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Энергетика йўналишида Ўзбекистонда иссиқлик ва гидроэлектростанцияларни модернизация қилиш, шунингдек, Россия томонидан атом станцияси қурилиши бўйича келишувлар амалга оширилмоқда. 2024 йилдан иккиблокли йирик ва иккиблокли кичик атом электр станциялари қурилиши бошланиши режалаштирилган.

Шунингдек, томонлар транспорт логистикасидаги ҳамкорликни чуқурлаштиришга келишиб олди. Хусусан, «Шимол – Жануб» халқаро транспорт йўлагининг Ўзбекистон орқали кенгайиши устувор вазифалардан бири сифатида қайд этилди. Бу коридор бўйича 2024 йилнинг ўзида 20 млн тоннадан ортиқ юк ташилган.

Музокараларда таълим ва рақамли платформаларда ҳамкорлик масалалари ҳам муҳокама қилинди. Жумладан, «Всероссийская академия внешней торговли» филиали очилиши ва «Производственная кооперация и сбыт» платформасини ўзбекча Online-Bozor.uz билан интеграция қилиш истиқболлари кўриб чиқилди.

Келгуси ишчи гуруҳ йиғилиши 2025 йил иккинчи ярмида ўтказилиши режалаштирилган.