Бугун, 13 июн куни кундузи ҳаво ҳарорати + 33…+35 даражани ташкил этади. Шанба ва якшанба кунлари эса кўплаб ҳудудларда ҳарорат 36–38 даражагача, мамлакатнинг шимолий, жанубий ва чўл ҳудудларида эса +40…+42 даражагача кўтарилиши кутилмоқда.
Об-ҳаво асосан кам булутли бўлади, ёмғир эҳтимоли жуда паст. Бироқ айрим тоғли ва тоғ етаклари ҳудудларида қисқа муддатли ёмғир ва момақалдироқ кузатилиши мумкин. Бу эса сел ва сув тошқинлари хавфини юзага келтиради.
Шунингдек, республика бўйлаб айрим жойларда шамол 13–18 м/с гача кучайиши ва бу баъзи ҳудудларда чанг-тўзонлар билан бирга кечиши мумкин.
Тошкент шаҳрида дам олиш кунлари ёмғир кутилмайди, об-ҳаво асосан қуёшли бўлади. Бугун пойтахтда ҳарорат +35 даража атрофида, шанба ва якшанба кунлари эса +36…+38 даражагача кўтарилади.
Мутахассислар аҳолини иссиқда эҳтиёт бўлиш, кўпроқ сув ичиш ва қуёш нурларидан ҳимояланишга чақирмоқда.