«Путин ҳам замонавий ғарб армияси билан тўқнашса нима бўлишини кўрди» — ҳарбий журналист

22:17 | 4 дақиқада ўқилади.

Исроил томонидан Эрон ядро объектларига берилган ҳужум нафақат минтақадаги мувозанатни, балки глобал геосиёсий манзарани ҳам силкитмоқда. Ҳарбий журналист Сергей Ауслендер операция мақсадлари ва оқибатлари ҳақида таҳлил берди.

Iran attack

Исроилнинг кенг кўламли ҳужуми Эрондаги ядро ва ҳарбий объектларга қаратилди. Зарбалар натижасида Ислом инқилоби муҳофизлари корпуси қўмондони, Бош штаб раҳбари ва етакчи ядровий физиклар ҳалок бўлган. Исроил бундай ҳужумни Эроннинг ядро қуроли яратишга яқинлашгани билан изоҳлади. Теҳрон буни расман «уруш эълони» деб баҳолади.

Исроиллик ҳарбий журналист Сергей Ауслендернинг таъкидлашича, зарбалардан кўзланган асосий мақсад — Эрон ядро дастурини бартараф этиш. Исроил учун бу мамлакатнинг мавжудлик масаласидир. Шу билан бирга, Эрон ҳарбий қудратига зарба бериш ва имкони бўлса, режимни қулатиш ҳам кўзланган. Аммо бу сўнгги мақсад Исроил имкониятларидан ташқарида, дейди мутахассис.

Унга кўра, операция самараси кейинроқ маълум бўлади — ҳужумлар таъсири аниқлангандан кейин. Ҳозирча Исроил Эрон ҳаво ҳудудида мутлақ устунликка эришган. Эрон томонидан ҳеч қандай қаршилик қайд этилмаган.

АҚШнинг роли тўғрисида эса изоҳлар бор: айрим зарбалар Ироқ ҳаво ҳудудидан туриб амалга оширилган. Бу Вашингтон бу операциядан хабардор бўлганини англатади. АҚШ, эҳтимол, логистика ёки ахборот билан ёрдам берган.

Муҳим саволлардан бири — тўқнашув қанча давом этади? Журналист икки сценарийни қайд этди: қисқа, лекин шиддатли уруш ёки Эрон томонидан урушни чўзиш орқали Исроилни заифлаштириш уриниши. Ҳар қандай ҳолатда, Исроил радарлар ва учириш қурилмаларига йўналтирилган ҳужумларни давом эттиради.

Бу воқеалар Путин учун ҳам муҳим аҳамият касб этади. У НАТО каби замонавий ғарб армиясининг салоҳиятини амалда кўрди. Эрон ва Россиянинг ҳарбий салоҳияти ўхшаш — демак, бу урушдаги кибер ва ҳаво устунлиги Путинга мустаҳкам сабоқ бўлиши мумкин.