Ризо Паҳлавий Исроил ҳужумидан сўнг Эрондаги режимни ағдармоқчи

14:00 | 3 дақиқада ўқилади.

Эроннинг сўнгги шоҳи Муҳаммад Ризо Паҳлавийнинг ўғли — мухожиратдаги мухолифат етакчиси Ризо Паҳлавий Исроилнинг Эронга қарши ҳаво ҳужумидан сўнг, оятуллоҳлар режимига қарши чиқиб, халқни ҳаракатга чақирди. Бу ҳақда у 13 июн куни ўзининг ижтимоий тармоқдаги X саҳифасида маълум қилди.

Pahlaviy

«Эрондаги давом этаётган инқирозга ягона ечим — бу режимни ағдаришга ёрдам беришдир. Ислом республикаси Эронни ва бутун дунёни гаровга олган. У мамлакат бойликларини ўз халқ манфаати учун эмас, балки яширин ядро дастури ва урушга тайёргарлик учун совурди», — деб ёзади Паҳлавий.

Унинг таъкидлашича, Оятуллоҳ Хоманаий ва унинг атрофидагилар ЯҚТШ (Ядровий қуролларни тарқатмаслик тўғрисидаги шартнома)дан чиқиш билан таҳдид қилиш орқали халқаро ҳамжамиятни яна бир бор ўзларига ишониб бўлмаслигини исботлашмоқда. Ризо Паҳлавий бу режим билан музокаралар ўтказиш бефойда эканини таъкидлади.

У Эрон халқи — тинч ҳамкорлик ва урушсиз келажак сари интилувчи ҳақиқий альтернатив куч эканини айтди. Шу боис, у халқаро ҳамжамиятни Ислам республикасига нисбатан максимал босим қўллаш, санкциялар ва сиёсий изоляцияни кучайтириш, шунингдек, «режимнинг энг катта душмани — Эрон халқи»ни қўллаб-қувватлашга чақирди.

Паҳлавийнинг ушбу баёноти Исроил ва Эрон ўртасидаги кескинлик янада авж олаётган пайтда янгради. У бир неча йилдан буён Эронда демократик ислоҳотлар ва аянчли теократик тузумдан воз кечишни талаб қилиб келади.