Тошкент халқаро инвестиция форуми-2025 якунида 30,5 млрд долларлик шартномалар имзоланди

11:00 | 3 дақиқада ўқилади.

Тошкентда ўтказилган халқаро инвестиция форумида 30,5 миллиард долларлик инвестиция ва савдо битимлари имзоланди. Форум минтақадаги энг йирик бизнес тадбирлардан бирига айланди.

Toshkent forum

2025 йилнинг 9–12 июн кунлари Тошкентда ўтказилган Тошкент халқаро инвестиция форуми (ТХИФ) якунида жами 30,5 млрд долларлик шартномалар ва келишувлар имзоланди. Бу сумма инвестиция ва савдо соҳасида тузилган янги лойиҳаларни қамраб олади.

Форумда 8 мингдан зиёд иштирокчи қатнашди, улардан қарийб 3 минги хорижий меҳмонлар бўлиб, 97 мамлакатдан ташриф буюрган. Улар орасида 312 нафар расмий шахслар ҳамда 450 нафар юқори мартабали делегатлар бор эди.

Тўрт кун давом этган тадбир давомида 36 та панел сессия ўтказилди. Уларда дунё бўйлаб нуфузли инвесторлар, иқтисодчилар ва расмийлардан иборат 150 дан зиёд спикер қатнашди. Мазкур сессиялар Ўзбекистон иқтисодиётининг турли соҳаларидаги истиқболлар ҳақида фикр алмашиш учун муҳим майдон бўлди.

Форум доирасида бу йил илк бор катта саноат кўргазмаси ташкил этилди. 12 минг квадрат метр майдонда 100 та маҳаллий ишлаб чиқарувчи ўз маҳсулотлари ва лойиҳаларини тақдим этди. Электротехника, фармацевтика, озиқ-овқат, енгил саноат, машинасозлик, металлургия, энергетика, автомобилсозлик, кимё, молия, туризм ва IT соҳалари кўргазманинг асосий йўналишлари бўлди.

Ҳар куни кўргазмага 2 мингдан зиёд меҳмон ташриф буюрди. Унинг доирасида 500 дан ортиқ B2B ва B2G учрашувлар ўтказилди. Бу бизнес учрашувлар Ўзбекистон ва хорижий компаниялар ўртасида янги алоқаларни йўлга қўйиш ва қўшма лойиҳаларни муҳокама қилиш учун имконият яратди.