Трамп маъмурияти 4 давлат фуқароларини АҚШдан чиқаришни бошлади

20:16 | 3 дақиқада ўқилади.

АҚШ Ҳомийлик дастури орқали келган ярим миллиондан зиёд мигрантнинг ҳуқуқи бекор қилинди. Трамп маъмурияти уларни мамлакатдан чиқариш бўйича тезкор чораларни бошлади.

Trump eu

АҚШ Ички хавфсизлик департаменти 12 июн куни Куба, Ҳаити, Никарагуа ва Венесуэла фуқароларига юборилган расмий билдирувда, уларнинг яшаш ва ишлаш учун берилган рухсатлари тугатилгани ва мамлакатни тарк этишлари талаб қилиниши ёзилди. Агар юртни ихтиёрий тарк этмасалар, улар куч билан ҳибсга олиниб, депортация қилиниши мумкин.

Мазкур фуқаролар Жо Байден маъмурияти 2023 йили жорий этган «шартли озод қилиш» дастури орқали АҚШга киришга муваффақ бўлган эди. Бу дастур фуқароларни қонуний йўл билан қабул қилиш ҳамда хавфсизлик текширувидан ўтган, АҚШдаги ҳомийларга таянган ҳолда виза беришни назарда тутган.

Бироқ Трамп президентликка қайтгач, ушбу дастурни биринчи иш куниёқ тугатиш ҳақидаги фармонни имзолади. Бу қарор қатор суд ишларига сабаб бўлиб, Олий судгача етиб борди. Суд ҳали якуний қарор чиқармади, бироқ Трамп маъмуриятига дастурни бекор қилиш ва 530 минг атрофидаги мигрантни тезкор депортация қилишга рухсат берди.

Ҳозирда ушбу фуқароларга ишлаш рухсатномаларини топшириш ва АҚШни тарк этиш топширилди. Трамп маъмурияти бу қарорни “Америка биринчи” сиёсати ва хавфсизликка қайтиш сифатида баҳоламоқда.