Хиванинг янги туристик мажмуаси тригенерация тизими билан таъминланади

13.06.2025 17:40 | 2 дақиқада ўқилади.

Саудия Арабистонининг “Saudi Tabreed” компанияси “Арда Хива” мажмуасига тригенерация тизими жорий қилиш учун $17 млн сармоя киритади. Бу лойиҳа иссиқлик, электр ва совитиш таъминотини бирлаштиради.

Xorazm

Тошкент халқаро инвестиция форуми доирасида “Иссиқликтаъминоти” акциядорлик жамияти ҳамда “Saudi Tabreed” компанияси ўртасида давлат-хусусий шериклик асосида муҳим шартнома имзоланди. Ҳужжат “Арда Хива” туристик мажмуасида тригенерация тизимини жорий этишни назарда тутади.

Ушбу лойиҳа доирасида умумий қуввати 15 МВт бўлган (5 МВт электр, 5 МВт иссиқлик ва 5 МВт совитиш) замонавий инфратузилма қурилиши режалаштирилган. Лойиҳа тўлиқ “Saudi Tabreed” компанияси маблағлари ҳисобидан амалга оширилади. Ҳамкорлик доирасидаги инвестиция ҳажми 17 миллион АҚШ долларини ташкил этади.

Тригенерация технологияси – бу энергия манбасидан бир вақтнинг ўзида электр, иссиқлик ва совуқ энергия олиш имконини берувчи тизимдир. Ушбу тизим Хиванинг янги туристик объектида ресурсларни самарали ва барқарор ишлатишга хизмат қилади.

Лойиҳа амалга оширилса, “Арда Хива” мажмуаси барча фаслларда меҳмонларни барқарор ва узлуксиз иссиқлик, электр ҳамда марказлашган совитиш билан таъминлаш имконига эга бўлади. Бу нафақат туристик салоҳиятни оширади, балки Хоразм вилоятида давлат-хусусий шерикликнинг амалий намунаси сифатида хизмат қилади.