Минтақада кескин тарзда кучайган таранглик шароитида жума куни Исроил Эрон инфратузилмасининг муҳим объектларига қаратилган кенг кўламли ҳарбий операцияни бошлади.
«Қўзғалган шер» деб номланган махсус операция доирасида ЦАҲАЛ Эрон ҳудудидаги 100 дан ортиқ объектларга зарба берди. Ҳужумлар асосан ядровий иншоотлар, ҳарбий раҳбарият комплекслари ва ҳаво ҳимоя тизимларига қаратилган.
Зарбалар кўлами ва аниқлиги сўнгги йилларда минтақадаги энг йирик ҳаво амалиётларидан бирига айланди, деб ёзади euronews.
Бу тўқнашув натижасида Яқин Шарқдаги энг кучли икки армия тўғридан-тўғри зиддият йўлида турибди. Дунё бу воқеаларни хавотир билан кузатмоқда: гап уруш авж оладими-йўқми, деган саволда эмас, балки у қай даражагача етиши мумкинлигидир.
Исроил ва Эрон ўртасида тўлақонли можаро нафақат бутун минтақани, балки дунёни ҳам жиддий беқарорликка олиб келиши мумкин. Бу ерда сўз ҳарбий қудрат ҳақида кетмоқда.
Эрон ҳарбий жиҳатдан инсон ресурси, танклар ва артиллерия жиҳатидан устун бўлса-да, Исроил технологияда устунликка, юқори даражада уюштирилган ҳаво қудратига ва дунёдаги энг замонавий ракетага қарши мудофаа тизимларига эга.
Бундан ташқари, ҳар икки мамлакат дрон ва ракета урушларида катта тажриба тўплаган, ҳамда юқори зичликдаги замонавий жанглар юритишда ўн йиллаб тажрибага эга.
Эронга яна ҳужумлар кутилмоқда
Исроилнинг жума куни бошлаган ҳужуми ҳарбий қудрат намойиши бўлди.
200 дан ортиқ ҳарбий самолёт 330 тадан зиёд юқори аниқликдаги бомбаларни ташлаб, Эроннинг энг заиф нуқталарига бир вақтда зарба берди.
Нишонлар орасида ракета ишлаб чиқариш объектлари, ядровий олимларнинг офис ва яшаш жойлари, ҳамда Ислом инқилоби муҳофизлари корпуси (ИИМК) қўмондонлик марказлари бор эди.
Исфаҳон вилоятида жойлашган уран бойитиш маркази — Натанзда ҳам катта шикаст кузатилди. Шунингдек, Теҳрон бўйлаб кўплаб объектларга зарбалар берилди.
Эрондан келган дастлабки хабарларга кўра, талофотлар жиддий. Ўлдирилганлар орасида бош штаб раҳбари генерал-майор Муҳаммад Боқирий ва Атом энергетикаси ташкилотининг собиқ раҳбари Фаридун Аббосий бор. Олий раҳбар Аятулло Алий Хоманаийнинг катта маслаҳатчиси Али Шамхонинг оғир жароҳат олгани хабар қилинмоқда.
Исроил ҲҲК Эроннинг ҳаво мудофаа тизимларига «кенг кўламли зарба» берилганини, «ўнлаб» радар қурилмалари ва «ер-ҳаво» ракеталари ускуналари йўқ қилинганини маълум қилди.
Бу Исроил Эроннинг тўсиб қолиш салоҳиятини йўққа чиқариб, янги ҳужумларга тайёрланаётганидан далолат беради.
Эроннинг жавоби ва унинг ҳарбий қудрати
Эрон тез жавоб қайтариб, Исроил ҳудудига 100 дан зиёд дрон учирди. Улардан аксарини Исроилнинг мудофаа тизимлари тўхтатиб қолди ва таъсири чекланган бўлди.
Бироқ жавобнинг чекланган бўлишига қарамасдан, Эроннинг умумий ҳарбий салоҳияти Исроил учун муҳим таҳдид бўлиб қолмоқда.
Мамлакат юзлаб миллиард долларлик баллистик ракеталар арсеналига эга бўлиб, уларнинг айримлари 3000 км дан ортиқ масофани босиб ўта олади. Эронда ҳатто гипертовушли қуроллар ҳам мавжуд.
Бу қуроллар Эронга минтақадаги рақибларини, шу жумладан АҚШ ҳарбий базаларини таҳдид остига қўйиш имконини беради. Бу вақтча бўлса-да, самарали тўсиқ вазифасини ўтамоқда.
Эрон дрон технологияси бўйича ҳам минтақада етакчи ҳисобланади. Мамлакатда турли хил учувчисиз учиш аппаратлари ишлаб чиқарилади ва экспорт қилинади. Россия каби иттифоқчиларни қўллаб-қувватлаш учун чет элда ҳам дрон заводлари қурилмоқда.
Бундан ташқари, Эрон катта доимий армия, кенг резерв ва ассиметрияли уруш — прокси гуруҳлар, киберхужумлар ва анъанавий бўлмаган тактикалар орқали уруш юритишда тажрибага эга.
Исроилнинг қудрати: камсонли, лекин юқори даражада ташкил этилган
Исроил дунёдаги энг технологик жиҳатдан ривожланган армиялардан бири сифатида тан олинган.
Унинг ракетага қарши мудофаа тизимлари — «Темир гумбаз», «Довуд дубулғаси» ва «Ўқ» — дунёдаги энг самаралиларидан саналади.
Бундан ташқари, Исроил кучли киберхужум салоҳияти ва разведка тизимига эга. «Моссад» ва «Шин Бет» каби махсус хизматлар таҳдидларни олдиндан аниқлаб, уларни нейтраллаштиришда муҳим ўрин тутади.
Исроилнинг доимий армияси 170 минг атрофида бўлса-да, у ташкилотланган ва тайёрланган резерв орқали бир неча кун ичида ярим миллионгача етказилиши мумкин.
Исроил ҳаво кучлари энг замонавий самолётлар ва аниқ қуроллар билан жиҳозланган бўлиб, дунёдаги энг кучлилардан бири ҳисобланади.
Ёндош хавфлар ва глобал оқибатлар
Исроил ва Эрон ўртасидаги тўлақонли уруш кенгроқ минтақавий можарога сабаб бўлиши мумкин.
Эрон қўллаб-қувватлайдиган Ливандаги «Ҳизбуллоҳ» бу урушга жалб этилиши эҳтимолдан холи эмас. Исроил октябрда Жанубий Ливанга кирган ва ноябрда вақтинча оташкесимга эришилган бўлса-да, вазият ҳали ҳам нозик.
Уруш осонликча Сурия, Ироқ ва Форс кўрфазига ёйилиб кетиши мумкин. АҚШ активлари таҳдид остида. Маълумотларга кўра, икки кун аввал АҚШ ходимлари Бағдоддан эвакуация қилинган.
Шунингдек, «қаршилик ўқи» деб номланган — Эрон бошчилигидаги норасмий коалиция (Ҳизбуллоҳ, Ироқдаги шиалар, Ямандаги ҳусийчилар) — Эронга чегаралар ортида ҳам таъсир ўтказиш имконини беради.
Низо оқибатлари жанг майдонидан ташқарига ҳам чиқиши мумкин. АҚШнинг тўғридан-тўғри ёки активларига қилинган ҳужум натижасида урушга жалб қилиниши глобал низога айланиши эҳтимолдан холи эмас.
Европа ҳам жабр кўриши мумкин — бевосита ҳужумлар, киберхужумлар, нефть оқимлари узилиши ёки Адан кўрфазидаги асосий денгиз йўлига таҳдид туфайли.
Қочқинлар инқирози, иқтисодий беқарорлик ва энергия нархларининг ўсиши — булар можаро авж олса, Европани кутиб турган реал хавфлардир.