Исроил Эроннинг музокарачиларини йўқ қилди — Трамп

15:30 | 4 дақиқада ўқилади.

АҚШ президентининг таъкидлашича, Эроннинг АҚШ билан ядровий келишув бўйича музокара олиб борган етакчи вакиллари Исроилнинг сўнгги ҳарбий зарбалари оқибатида ҳалок бўлган. Трамп буни Исроилнинг «ўта самарали» операцияси, деб атади.

Trump about iran

 

АҚШ президенти Доналд Трамп Эрон вакилларига қарши Исроил томонидан амалга оширилган зарбалар ҳақида ўз фикрини билдирди. CNN журналисти Дана Башнинг айтишича, у Трамп билан телефон орқали мулоқот қилган ва ушбу ҳужумларга муносабатини сўраган.

Трамп суҳбат давомида Эрон ядровий келишуви бўйича музокараларда иштирок этган бир қатор шахслар «энди йўқлиги»ни маълум қилган. У уларни «қатъий позиция тарафдорлари» деб атаган. Журналист уларнинг айнан Исроил ҳужумлари оқибатида ҳалок бўлганини сўраганида, Трамп «улар на гриппдан, на коронавирусдан ўлган» деб, ишорали тарзда жавоб берган.

13 июнга ўтар кечаси Исроил томонидан Эрондаги бир нечта ядровий ва ҳарбий иншоотлар, шунингдек, юқори лавозимдаги шахсларга зарба берилди. Ҳужумда Ислом инқилоби муҳофизлари корпуси (ИИМК) қўмондони Ҳусайн Саломий, Эрон Қуролли кучлари Бош штаби раҳбари Муҳаммад Боқирий, унинг икки ўринбосарлари — Ғуломризо Меҳробий ва Меҳди Раббоний, «Ҳотам ул-Анбиё» бўлинмаси бошлиғи Ғуломали Рашид ва бир неча ядровий олимлар, жумладан Фаридун Аббосий Давоний ва Озод Муҳаммад Маҳдий Теҳрончий ҳалок бўлган. Жами 78 киши вафот этган, 320 дан ортиқ киши жароҳат олган.

Шу куни кечқурун Эрон «Чинакам ваъда-3» деб номланган жавоб амалиётини бошлаганини эълон қилди. Исроилга уч марта ракета зарбалари берилган. Зарбалар бир неча шаҳарларда қайд этилган, натижада 70 дан ортиқ киши жароҳатланган ва тўрт киши ҳалок бўлган.

Эрон ва АҚШ ўртасидаги музокаралар апрел ойида қайта бошланган, умумий беш раунд бўлиб ўтган. Улар асосан Уммонда ва билвосита тарзда ўтказилган. Эрон ядровий қурол яратишга интилиш айбловларини рад этмоқда ва уранни бойитишдан воз кечиш нияти йўқлигини билдирмоқда.