Ҳа, айнан шунга ишора қилмоқчиман — тузумни алмаштириш, деб ёзади Politico колумнисти Наҳал Тусий.
Бу ибора Вашингтонда ҳам, Яқин Шарқда ҳам Ироқ ва Афғонистондаги АҚШ тажрибаларидан кейин эҳтиёткорлик билан тилга олинади. Президент Доналд Трамп ҳам бундай ғояларга нисбатан жуда эҳтиёткор бўлиб келган. Унинг маъмурияти ушбу ҳужумда ҳеч қандай иштирок этмагани ҳақида олдиндан баёнот берди. Шунингдек, Исроил ҳукумати ҳам тузумни алмаштиришни расмий мақсад сифатида эълон қилмаган.
Шу билан бирга, мен Исроил расмийлари томонидан берилган баёнотлар ва ҳужумлар кўламини — жумладан, Эрон ҳарбий етакчиларининг ўлдирилиши — таҳлил қилар эканман, улар бундай эҳтимолни рад этмаётгани менда таассурот уйғотди. Агар буни 2023 йил кузидан бери Исроил томонидан Ғазо, Ливан ва Сурияда Эронга қарашли тузумларни ағдариш, заифлаштириш ёки йўқ қилишга қаратилган ҳарбий ҳаракатлар билан бирга кўриб чиқсак, бу унчалик ҳам хаёлпарастлик эмасдек туюлади.
Эрон тузумини ағдариш ёки камида уни жиддий заифлаштириш — бу Исроил мустақил равишда амалга ошириши мумкин бўлган вазифа ҳисобланади. Бу борада АҚШдан ҳужумий ёрдам ҳам шарт эмас.
Исроил бош вазири Бинямин Нетаняху жума куни амалга оширилган ҳужумлар ҳақида қилган баёнотида операция «бундай таҳдид йўқ қилингунига қадар давом этади», дея таъкидлади. У бу таҳдидни фақат ядровий дастур билан чеклаб қўймади.
Чунки Исроил ҳукумати Эроннинг ядровий ёки ҳарбий имкониятларини эмас, балки айнан унинг тузумини — хусусан, радикал шиа исломий мафкурага эътиқод қилувчи раҳбарлар бошқараётган тузумни — асосий хавф деб билади. Бу, айниқса, Исроилга нисбатан йиллар давомида йўлланган таҳдидлар фонида табиий хулоса бўлиб кўринади.
Ҳужумлар ва суиқасдлар ҳақидаги хабарлар тарқалиши ортидан мен бир неча амалдаги ва собиқ АҚШ расмийлари ҳамда таҳлилчилар билан боғландим. Улардан: «Исроилнинг ҳақиқий мақсади тузумни алмаштириш эмасми?» — деб сўрадим.
Ҳеч ким бу эҳтимолни инкор этмади — ва бу суҳбатдошлар турли партияларга мансуб бўлган шахслар эди.
«Нега бўлмасин? Албатта», — деди Жо Байден маъмуриятида Яқин Шарқ масалалари билан шуғулланган собиқ юқори лавозимли расмийлардан бири. «Жуда ҳам ажойиб бўларди-ку!» — деди у. Бу масала сезгир бўлгани учун собиқ расмий ва бошқаларга аноним қолиш имконини бердим.
«Foundation fir Difence of Democracis» (FDD — Демократияни ҳимоя қилиш жамғармаси)да фаолият юритувчи таҳлилчи Беҳном бен Толеблунинг таъкидлашича, Исроилнинг ҳужумлари фақат ядровий иншоотларга эмас, балки Эроннинг бошқарув ва қўмондонлик тизимига ҳам қаратилган. Демак, бу фақат «ядровий тарқалишнинг олдини олиш» мақсадида бўлган дейиш қийин.
Ҳамиша бир-бири билан келиша олмайдиган Эрон диаспорасидаги кўплаб шахслар — уларнинг ичида ўзгаришлар бўлишига умидини анча олдин йўқотганлар ҳам — бу ҳолатни узоқ кутилган фурсат сифатида баҳоламоқда.
Эроннинг собиқ шаҳзодаси Ризо Паҳлавий — унинг отаси 1970-йиллар охирида исломий инқилобчилар томонидан ағдарилган эди — ўзининг ижтимоий тармоқдаги саҳифасида оддий эронликларни ҳаракатга ўтишга, хавфсизлик кучларини эса руҳоний раҳбариятдан юз ўгиришга чақирди.
«Бу тузум заиф ва бўлиниб кетган. У ағдарилиши мумкин», — деб ёзди у. «Мен ҳамюртларимга шундай деганман: Эрон — сизнинг юртингиз. Уни қайта тиклаш ўзингизнинг қўлингизда. Мен сизлар биланман. Сабр қилинг, биз ғалаба қозонамиз.»
Албатта, кўплаб номаълум омиллар ҳам бор.
Исроил ҳақиқатан ҳам мустақил равишда тузумни ағдаришга қодирми?
Аксарият ҳарбий таҳлилчиларнинг фикрича, Эрондаги барча ядровий инфратузилмани йўқ қилиш учун Исроилга АҚШ ёрдами керак бўлади, чунки уларнинг катта қисми ер остига жойлаштирилган. Аммо агар Исроил сиёсий етакчиларни йўқ қилишни давом эттирса, тузумнинг йиқилиши эҳтимолдан холи эмас.
Эрон аллақачон Исроилга қарши дрон ва ракета ҳужумлари билан жавоб қайтаришни бошлади. Энди Исроил ўз аҳолиси бундай зарбаларга қанча вақт бардош бериши мумкинлигини баҳолаши керак — агар Эрон бу зарбаларни узоқ вақт давом эттира олса. Бу орада АҚШ ва баъзи араб давлатлари Исроилни ҳимоя қилишга ёрдам бериши деярли аниқ — аввал ҳам шундай бўлган.
Аҳолининг тузумга қарши чиқиши эҳтимоли ҳали номаълум. Бундай вазиятларда, одатда, мамлакат ичкарисида «бир байроқ остида жамланиш» эффекти кузатилиши мумкин. Бироқ мен йиллар давомида Эронни кузатиб келганман ва бу режимдан халқ шу қадар чарчаганки, уларнинг кўпчилиги ташқаридан бўладиган ёрдамни ҳам хуш қарши олиши мумкин.
Бу жавоб, шубҳасиз, Исроилнинг қай тарзда ҳаракат қилишига боғлиқ бўлади.
«Фақат ҳарбий ва ядровий объектлар билан чекланган ҳужумлар тузумнинг нуфузига зарба беради. Аммо иқтисодий ва фуқароларга зарар етказувчи ҳужумлар бошқача, оммавий реакция келтириб чиқариши мумкин», — дея таъкидлайди Жорж Буш маъмуриятида Миллий хавфсизлик кенгашида фаолият юритган Майкл Сингҳ.
Агар Эрон ҳукумати бу ҳужумлардан омон қолса ҳам, шундай заифлашиб қолиши мумкинки, натижада унинг йиқилиши тезроқ муддатда содир бўлади. Бу эса ташқи босим, айниқса, АҚШ томонидан қўлланиладиган босим даражасига боғлиқ бўлади — чунки Эрон режими аксиламериканизмни ўз мафкураси асоси қилиб олган.
Айни пайтда дунё пойтахтларидан Исроил ва Эронни кескинликни авж олдирмасликка чақириқлар янграмоқда. Аммо Исроил Ғазо ва Ливанда қандай йўл тутганини ҳисобга олсак, Тел Авив бундай чақириқларга қулоқ тутади, деб бўлмайди. Айниқса, агар бу чақириқлар Эрон тузумининг йиқилишидан мамнун бўладиган араб мамлакатларидан келаётган бўлса, улар янада бетаъсир эшитилади.
Нетаняҳу учун бир вақтлар сиёсий жиҳатдан яқин бўлган Доналд Трамп ҳам Исроил қарорларига таъсир ўтказа олмаётгандек кўринади.
Трамп жамоат олдида доимо Яқин Шарқдаги урушлардан қочиш тарафдори бўлиб келган. У Исроилни АҚШ ва Эрон ўртасидаги ядровий музокаралар янада илгарилашини кутмоққа чақирган эди. Аммо Исроил ҳужумни музокараларнинг янги раунди бўлиши кутилаётган якшанба кунидан аввал амалга оширди.
Сўнгги ижтимоий тармоқдаги чиқишларида Трамп Эронни ядровий дастурини чеклаш бўйича келишув тузишга чақириш учун Исроилнинг янги ҳужумлар таҳдидидан фойдаланмоқда. (Эрон ядровий дастурининг фақат тинч мақсадларда қўлланилишини таъкидлаб келади.)
«Эрон, урушда йўқ бўлиб кетмасдан олдин келишув тузсин, ва бир пайтлар «Эрон империяси» деб аталган нарсадан сақлаб қолсин», — деб ёзди Трамп. (У, эҳтимол, бу ерда анча қадимги Форс империясини назарда тутган. Лекин асосийси бу эмас.)
Ҳатто агар тузум ағдарилса ҳам, унинг ўрнига яхшироқ нарса келишига кафолат йўқ, деб огоҳлантиради ҳозирги ва собиқ расмийлар. Етук раҳбариятсиз қолган Эрон турли муаммолар учрайдиган марказга айланиши мумкин. Энг ёмони, ундан ҳам ҳарбийлашган, ядровий қурол олишга қатъий қарор қилган янги автократия ҳокимиятга келиши мумкин.
«Тарих кўп бор кўрсатган: вазият ҳар доим ҳам ёмонлашиши мумкин», — деб ёзади АҚШ разведка хизматида ишлаган собиқ офицер Жонатан Паникофф ўз таҳлилида. «Исроил узоқ йиллар давомида «сояда» олиб борган уруш ўрнига энди аниқ, очиқ ва янада шиддатли уруш ҳолатига кириб қолиши мумкин.»
Бироқ Яқин Шарқ бўйича узоқ йиллар ишлаган АҚШ расмийларидан бири Исроил бунчалик олдинни ўйлаётганига шубҳа билдиради:
«Менимча, улар учун «кейин нима бўлади?» деган савол муҳим эмас. Улар учун муҳим бўлгани — бу келажакда Исроилга таҳдид сола олмайдиган даражада заифлашган тузум бўлса бўлди», — деди у.