«Moody’s» Ўзбекистоннинг кредит рейтингини кўтарди ва истиқболини ижобий деб баҳолади

13:00 | 3 дақиқада ўқилади.

Халқаро рейтинг агентлиги «Moody’s» Ўзбекистоннинг «Ba3» даражали кредит рейтингини тасдиқлаб, унинг кутилмасини «барқарор»дан «ижобий»га ўзгартирди. Бу иқтисодий ислоҳотларга юқори баҳо берилганини англатади.

Moodys1

2025 йил 13 июн куни «Moody’s» агентлиги Ўзбекистоннинг суверен кредит рейтинги бўйича янгиланган ҳисоботини эълон қилди. Ҳисоботда мамлакатнинг рейтинг баҳоси «Ba3» даражасида сақлангани, аммо унинг кутилмаси «барқарор»дан «ижобий»га кўтарилгани маълум қилинди, дейилади Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ахборот хизмати хабарида.

Бу баҳолаш Ўзбекистонда амалга оширилаётган институционал ислоҳотлар ва иқтисодий сиёсатнинг самарадорлиги билан боғлиқ экани қайд этилган. Жумладан, энергетика соҳасида тарифларни бозор нархига яқинлаштириш, аҳолини инфляциядан ҳимоя қилиш учун маош ва пенсияларни кўтариш, давлат корхоналарига берилувчи субсидияларни қисқартириш муҳим жиҳат сифатида тилга олинган.

Агентлик давлат корхоналари ва банкларида мустақил кузатув кенгашларининг улуши ошиб бораётганини ҳам ижобий баҳолади. Шунингдек, коррупцияга қарши кураш, давлат хизматчилари даромадларини декларация қилиш, очиқлик ва шаффофликни оширишга қаратилган қонунчилик ташаббуслари алоҳида қайд этилди.

«Moody’s» 2024 йилдаги 6,5 фоиз иқтисодий ўсишни қайд этар экан, 2025 ва 2026 йилларда ҳам ўсиш суръатлари мос равишда 5,8 ва 5,7 фоиз атрофида бўлишини кутмоқда. Инфратузилма, энергетика ва транспортга йўналтирилаётган сармоялар иқтисодий ўсишни рағбатлантириши таъкидланган.

Бюджет тақчиллиги 2023 йилдаги 4,9 фоиздан 2024 йилда 3,3 фоизга камайган. «Moody’s» келгуси 2–3 йилда давлат қарзи ЯИМга нисбатан 40 фоиздан ошмаслигини ва бюджет тақчиллиги 3 фоиз даражасида сақланишини прогноз қилмоқда.

Агентлик суверен рейтинг янада ошиши учун давлат бошқарувини яхшилаш, иқтисодий барқарорликни сақлаш, ижтимоий харажатларни самарали бошқариш ва давлат корхоналарини хусусийлаштириш ислоҳотларини давом эттиришни тавсия қилмоқда.