Octobank Humans’дан 500 млрд сўмни суд орқали ундиришга эришди

15:00 | 3 дақиқада ўқилади.

Тошкент иқтисодий суди Humans компаниясини Octobank фойдасига 500 миллиард сўмдан ортиқ қарз ва зарарни тўлашга мажбур қилди. Суд қароридан сўнг томонлар ўртасидаги ҳамкорлик расман тўхтатилди.

Octobank4

2025 йил 13 июн куни Тошкент туманлараро иқтисодий суди Octobank АЖ ва Humans МЧЖ ўртасидаги низоли иш бўйича ҳал қилув қарорини эълон қилди. Суд Humans компаниясини банк олдидаги қарздорликни қоплашга ва етказилган зарарни тўлашга мажбур қилди. Ундириладиган умумий сумма 500 миллиард сўмдан ортиқни ташкил этди.

Octobank ушбу қарорни ўз қонуний ҳуқуқларини ҳимоя қилишдаги муҳим қадам сифатида баҳолади. Банк томонидан билдирилишича, у ҳамкорликда фаолият юритишда шаффоф ва адолатли муносабатларга содиқ қолади.

Маълумот учун, 2020 йилдан буён Octobank ва Humans ўртасида молиявий хизматлар бўйича ҳамкорлик амал қилган. Бироқ 2025 йил 13 июндан бошлаб бу муносабатлар расман тўхтатилди. Octobank Humans томонидан клиринг операциялари бўйича қарздорлик мавжудлиги ва хизматлар учун комиссия тўланмаганини таъкидлаган.

Ҳозирча Humans компанияси суд қарори бўйича расмий муносабат билдирмаган. Илгари эса компания Octobank шартнома мажбуриятларини мунтазам бажармагани боис унга қарши даъво тайёрлаётганини маълум қилган эди.

Шу билан бирга, Humans брендига эгалик қилувчи Сингапурнинг Humans Mobile компанияси Ўзбекистон давлат органларига қарши халқаро арбитраж иши қўзғатганини эълон қилган. Компания Марказий банк ва “Uzbektelecom”ни ўз ҳуқуқларини бузганликда айблаган.

“Uzbektelecom” эса Humans ўз тармоғидан фойдаланган ҳолда даромад топишда давом этганини, бироқ мажбуриятларини бажаришда кечиктираётганини билдирган.