Украина билан урушаётган Путин Исроил ва Эронни тинчликка чақирди

08:00 | 2 дақиқада ўқилади.

Россия президенти Владимир Путин Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу ва Эрон президенти Масъуд Пизишкиён билан суҳбатда минтақадаги кескинликни сиёсий йўл билан ҳал этишга чақирди. Аммо Украинадаги уруш бир неча йилдан бери давом этмоқда.

Vvputin

BBC келтираётган Кремл маълумотига кўра, Путин ва Нетаняҳу ўртасидаги суҳбатда Эрон ядровий дастурига оид масалалар фақат сиёсий-дипломатик усуллар орқали ҳал қилиниши лозимлиги таъкидланган. Россия раҳбари Москва томонидан воситачилик қилишга тайёр эканини билдирган.

Иккинчи томондан, Путин Эрон президенти Пизишкиёнга Исраил ҳужумлари оқибатида ҳалок бўлган тинч аҳоли ва қурбонлар учун таъзия билдирган. Россия раҳбари мазкур можороларни «БМТ Низоми ва халқаро ҳуқуқ нормаларига зид ҳаракатлар», деб баҳолаган.

Россия–Эрон муносабатлари сўнгги йилларда янада мустаҳкамланган. Хусусан, Украинадаги уруш давомида Эрон Москвага қурол, айниқса дронлар етказиб беришда стратегик шерикка айланган. Бироқ Россия Исроил билан ҳам алоқаларда эҳтиёткорлик билан ёндашмоқда — Исроил Ғарб санкцияларига қўшилмаган ягона давлатлардан бири бўлиб қолмоқда.

Таҳлилчиларга кўра, Кремлнинг икки томон билан мулоқот ўрнатиш ҳаракати Россияни Яқин Шарқдаги геосиёсий ўйинда «нейтрал воситачи» сифатида намоён этишга қаратилган. Бу орқали Москва ўз таъсирини жаҳон миқёсида сақлаб қолишни кўзламоқда.