Бу шаҳарнинг биринчи босқичи 6 минг гектарни қамраб олиб, унда маъмурий ва маданий марказлар, маҳаллалар, бизнес ҳудудлар, транспорт ва муҳандислик инфратузилмалари қурилади. Бош архитектор Саидазим Шариповнинг Kun.uzʼга таъкидлашича, фақат маъмурий марказнинг ўзи 140 гектарни ташкил қилади. Бу ерда давлат хизматчилари учун уйлар ҳам қурилади.
Айни пайтда Энергетика вазирлиги янги шаҳарда вақтинчалик биноларга кўчиб ўтган. Қурилиш, Транспорт ва Сув хўжалиги вазирликлари ягона бинода жойлаштирилади. Вақти келиб, республика даражасидаги ташкилотлар Янги Тошкентга тўлиқ кўчирилиши, ҳозирги бинолар эса сотилиши режалаштирилган.
Биринчи босқичда камида тўртта олий таълим муассасаси — Низомий педагогика университети, Янги Ўзбекистон, Вебстер ва Юридик университетлари янги кампусларда фаолият бошлайди. Кампуслар талабалар турар жойлари билан бирга қурилмоқда.
Шаҳарнинг транспорт тизимида устуворлик жамоат транспорти ва пиёдаларга берилади. Метро линияси ер остида қурилиб, янги шаҳарни «Дўстлик» бекатига боғлайди. Шунингдек, трамвай тармоғи ва транспорт маркази ҳам барпо этилади. Автомобил ҳаракати учун йўллар чекланган бўлиб, бир томонда учтадан ортиқ полоса бўлмайди.
Архитекторларнинг маълум қилишича, янги шаҳар ҳудудининг камида 30 фоизи яшилликка ажратилади. Энергия таъминоти электрга асосланади, газдан фойдаланилмайди. Совитиш тизими сифатида эса муздек сув орқали марказлашган усул жорий этилади.
Бу лойиҳа мамлакатдаги энг йирик шаҳарсозлик ташаббусларидан бири бўлиб, давлат хизматлари, таълим, транспорт ва яшаш шароитларини илғор талаблар асосида қайта шакллантиради.