Яқин Шарқдаги кескинлик туфайли Ўзбекистонда айрим рейслар бекор қилинди

14:30 | 3 дақиқада ўқилади.

Эрон ва Исроил ўртасидаги ҳарбий тартибсизликлар оқибатида Ўзбекистон авиакомпаниялари айрим парвозларни ўзгартириш ёки бекор қилишга мажбур бўлди. Хавфсизлик нуқтайи назаридан бир қатор давлатлар ҳаво ҳудуди вақтинча ёпилди.

Aviareys

13 июнга ўтар кечаси Исроил томонидан Эрондаги ядровий ва ҳарбий объектларга зарбалар берилганидан сўнг, Яқин Шарқ минтақасида ҳаво парвозлари хавфсизлигига таҳдид юзага келди. Шу муносабат билан Ўзбекистон авиакомпаниялари айрим халқаро рейсларни қайта кўриб чиқди.

«Air Samarkand» компанияси 15 июн куни амалга оширилиши керак бўлган Самарқанд–Тел Авив йўналишидаги рейсни бекор қилганини маълум қилди. Бунга Бен-Гурион халқаро аэропорти ва минтақадаги ҳаво ҳудудининг вақтинча ёпилиши сабаб бўлган. Компания бошқа кунлардаги рейслар ҳақида кейинроқ қўшимча маълумот берилишини билдирди.

Шунингдек, «Centrum Air» авиакомпанияси ҳам хавфсизлик чоралари туфайли ўз рейсларида ўзгаришлар қилишини эълон қилди. Эрон, Ироқ, Сурия ва Иордания ҳаво ҳудудининг вақтинча ёпилиши туфайли айрим рейслар айланма йўналишлар орқали амалга оширилади. Хусусан, Тошкент–Дубай рейси 14 июн куни бошқа йўналиш орқали парвоз қилиши эълон қилинди.

Умуман, БАА ва Қатардан Ўзбекистонга келаётган рейслар Эрон орқали эмас, Покистон ва Афғонистон орқали айланиб учишга мажбур бўлмоқда.

«Uzbekistan Airways» компанияси эса Ҳаж сафари доирасида Жиддадан амалга ошириладиган рейслар ва Шарм аш-Шайх йўналишларида ҳам ўзгаришлар бўлиши мумкинлигини маълум қилди. Миллий ташувчи барча ўзгаришлар ҳақида расмий Telegram-каналлари орқали хабардор қилишини таъкидлаган.

Барча йўловчиларга парвозлар ҳақидаги маълумотларни аэропортлардаги ахборот таблолари ёки электрон манзиллари орқали кузатиб бориш тавсия қилинди. Бекор қилинган рейслар учун чипталарнинг тўлиқ қайтарилиши ёки бошқа саналарга кўчирилиши мумкин.