Эрон Ҳўрмуз бўғозини ёпиш мумкинлигини эълон қилди: нефт бозори хавф остида

11:00 | 4 дақиқада ўқилади.

Эрон парламенти вакили Исмоил Ковсарий мамлакат Ҳўрмуз бўғозини ёпиш масаласини кўриб чиқаётганини билдирди. Бу ҳаракат жаҳон нефт бозорида 1970-йиллар инқирозига тенг оқибатларга олиб келиши мумкин.

Hormuz srtaight

Исроилнинг сўнгги ҳарбий амалиётлари фонида Эрон расмийлари стратегик аҳамиятга эга Ҳўрмуз бўғозини ёпиш имкониятини муҳокама қилмоқда. Бу ҳақда Эрон парламенти — Ислом маслаҳатлашув кенгаши миллий хавфсизлик ва ташқи сиёсат қўмитаси аъзоси Исмаил Ковсарий маълум қилди. Унинг таъкидлашича, «Эрон бу қарорни ҳеч шак-шубҳасиз қабул қилади».

Ҳўрмуз бўғози орқали ҳар куни тахминан 18 млн баррел нефт ва нефт маҳсулотлари экспорт қилинади. Бу жаҳон миқёсидаги денгиз орқали нефт савдосининг тўртдан бир қисмини ташкил этади. Нефт экспорт қилувчи давлатлар орасида Эрон, Ироқ, Кувайт, Саудия Арабистони ва БАА бор. Шунингдек, у суюлтирилган табиий газ етказиб беришда ҳам муҳим ўрин тутади — бу йўналиш жаҳон газ таъминотининг 30 фоизини қамраб олади.

Bloomberg ва Financial Times агентликлари таҳлилига кўра, бўғозни ёпиш муаммонинг энг кескин сценарийси саналади. ЦАҲАЛнинг 13 июн куни Эрондаги ядровий ва ҳарбий объектларга ҳаво ҳужумлари шундай таҳдидни кучайтирган. Ушбу зарбалар натижасида бир нечта юқори лавозимли ҳарбийлар ҳалок бўлган.

Жаҳон бозорида бу каби чекловлар нефт нархларини кескин ошириши мумкин. JPMorgan Chase ҳисоб-китобларига кўра, нархлар ҳар баррел учун 130 долларгача етиши мумкин. Brent маркасининг нархи эса 100 доллардан ошиб кетиши эҳтимолдан холи эмас.

Буюк Британиядаги Kpler таҳлил марказининг баёнотига кўра, АҚШ ҳарбийлари тезкор жавоб қайтариши мумкин бўлса-да, вақтинча ҳам бўлса, йўл ёпилиши бозордаги беқарорликни кучайтиради. Бу орада Frontline — дунёдаги йирик нефт танкер компанияси — Хўрмуз орқали янги юк ташиш шартномаларини вақтинча тўхтатганини маълум қилди.