Эрон стратегик мағлубиятга учрамоқда — эронлик эксперт

19:00 | 11 дақиқада ўқилади.

Эронлик сиёсатшунос Ризо Толибийнинг фикрича, Исроил билан давом этаётган қуролли тўқнашув шароитида Ислом Республикаси раҳбарияти стратегик мағлубиятга учраяпти.

Iran protests 2

Экспертнинг haqqin.az нашрига берган интервюсида таъкидлашича, Исроил ҳарбий-ҳаво кучлари деярли қаршиликсиз ҳолда Эрон ҳудуди бўйлаб зарбалар бермоқда, мамлакатнинг турли минтақаларида олдиндан белгилаб олинган нишонларга юқори аниқлик ва энг кам йўқотишлар уриб ташланмоқда. Бу, асосан, Эроннинг ҳарбий инфратузилмаси, хусусан ҳаво ҳужумидан мудофаа тизими Исроил авиацияси ҳужумларига самарали қаршилик кўрсата олмаётгани билан изоҳланади.

«Амалиёт бошланган илк кунларданоқ Эроннинг радар тизимларининг катта қисми ишдан чиқарилди — аввал радиолокацион кураш воситалари орқали, кейин эса аниқ авиация зарбалари билан, — деди Толибий. — Биринчи бўлиб йўқ қилинган нишонлар қаторига Табриз яқинидаги зенит-ракеталик мажмуалар, Ҳамадондаги «Субаши» мажмуаси позицияси ҳамда мамлакатнинг шимоли-ғарбидаги Билёсувор атрофида жойлашган «Гармий» захира ҳаво мудофаа тизими киради».

Экспертнинг таъкидлашича, Эрондаги ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимларининг аксария қисми 1960-йилларда — шоҳ режими даврида Буюк Британия ва АҚШдан етказиб берилган эски жиҳозларга асосланган. Шунингдек, Эрондаги мунтазам армия ва Ислом инқилоби муҳофизлари корпуси (ИИМК)да алоҳида, бир-бирига интеграцияланмаган ҳаво ҳужумидан ҳимоя тизимлари мавжуд. Толибийнинг таъкидлашича, ҳар икки ҳарбий тузилманинг ҳамкорликда ишламаслиги, ички рақобат ва ягона қўмондонлик тузилмасининг йўқлиги мамлакатнинг ҳимоясини заифлаштирувчи асосий омиллардан бири бўлиб қолмоқда.

«Замонавий россия радиолокацион станциялари ва ҳаво ҳужумидан ҳимоя тизимлари, жумладан С-300 зенит-ракета мажмуалари стратегик аҳамиятга эга объектлар — хусусан, Натанз, Фўрду ва Ҳурдоддаги ядровий марказлар атрофида жойлаштирилган эди, — дейди эксперт. — Бироқ мавжуд маълумотларга кўра, нисбатан замонавий ҳисобланган ушбу мажмуалар ҳам Исроил томонидан амалга оширилган оммавий ҳужумнинг илк соатларидаёқ ишдан чиқарилган. Натижада, Эрон осмони аслида ҳимоясиз ҳолда қолди ва бу Исроилнинг дрон ҳамда авиация кучларига мамлакат ҳудудининг ичкари  қисмигача ҳеч қандай тўсиқсиз ҳаракат қилиш имконини берди».

Толибийнинг сўзларига кўра, Исроилнинг камида 35 та шундай аталмиш мобил дрон базалари Эрон ҳудудининг ўзидан тўғридан тўғри ҳаракат қилмоқда ва бу қўшимча таҳдид ҳисобланади. Бундан ташқари, мамлакатда кўп сонли исроиллик диверсия гуруҳлари фаолият юритмоқда, улар кўп функцияли «Спайк» туркумига мансуб танкка қарши ракета мажмуалари билан жиҳозланган. Эронлик эксперт келтирган маълумотларга кўра, айнан шу гуруҳлар Ислом инқилоби муҳофизлари корпуси (ИИМК)нинг камида йигирмата генерали ва Эрон армияси юқори лавозимли офицерларини, жумладан Эрон Қуролли кучлари Бош штаби бошлиғи генерал Муҳаммад Боқирийни йўқ қилиш учун жавобгардир.

Ризо Толибий таъкидлашича, Эрон АҚШ ва Исроил томонидан тузилган стратегик тузоққа тушиб қолган ва энди воқеаларнинг янада қандай ривожланиши Теҳрондаги раҳбарият қабул қиладиган қарорларга боғлиқ. Унинг фикрича, ҳозирги вазиятда учта эҳтимолий сценарий мавжуд.

Биринчи ва энг кам ҳалокатли йўл —бу Теҳроннинг расман душманона ҳаракатлардан воз кечиши ва АҚШ президенти Доналд Трамп томонидан илгари сурилган шартларни тўлиқ бажаришидир, дейди эксперт. Ушбу сценарий доирасида Эрон Исроилга ракетали зарбаларни тўхтатади, ядровий дастурни тугатади, ўрта масофали баллистик ракеталардан воз кечади (фақат тактик тизимларни сақлаб қолади) ва хориждаги прокси тузилмалар — «Фотимийюн» ва «Ҳусайнийюн» каби гуруҳларни тарқатади.

Бу йўл фақат оятулло Али Хоманаийнинг Олий раҳбарлик лавозимидан кетиши ва ҳокимиятни кўпроқ мўътадил ва Исроилга қарши муросасиз риторика билан боғлиқ бўлмаган шахс — эҳтимол, унинг ўғли ёки бошқа бир ворисга топшириши шартида амалга оширилиши мумкин».

Иккинчи сценарий — Эроннинг позицияси радикаллашиши. Бундай ҳолда Теҳрон Ҳўрмуз бўғозини ёпишга уриниши, глобал энергетик инқирозни келтириб чиқариши ва Қатар ҳамда Саудия Арабистонида жойлашган АҚШ базаларига оммавий ракетали ҳужумлар бошлаши мумкин. Бундай қадам Форс кўрфазидаги давлатларни Исроил ва АҚШ томонига ўтишига олиб келади ҳамда Эронни тўлиқ халқаро блокадага учратиши эҳтимоли бор. Бу сценарийда мамлакатнинг электр тармоқларини йўқ қилиш, иқтисодиётнинг фалаж бўлиши, шунингдек, ташқи қўллаб-қувватлов билан балужлар ва курдлар қўзғолони бошланиши мумкин.

Ниҳоят, учинчи ва энг хавфли вариант — «ифлос» деб аталадиган ядровий қуролдан фойдаланиш. Бу ҳолда Эрон оддий баллистик ракеталарни радиоактив материаллар билан жиҳозлаб, Исроил шаҳарларига зарбалар бериши мумкин. Бу вазиятда Исроил ва АҚШ томонидан жавоб чораси миқёси ва қатъийлиги жиҳатидан мислсиз бўлади ва Ислом Республикаси режими бир неча кун ичида йўқ қилиб юборилиши мумкин.

Ушбу сценарийлар фонида эронлик эксперт хулоса қилиб айтадики, қайси йўл танланишидан қатъи назар, АҚШ ва Исроилнинг сўнгги мақсади — фақат Эроннинг ядровий дастурини тўхтатиш эмас, балки оятуллоҳлар режимини алмаштиришдан иборат. Толибийнинг фикрича, Эрон нафақат халқаро майдонда, балки ўз мамлакатининг ичида ҳам яккалангандир. Бу ерда аҳолининг мутлақ кўпчилиги ҳокимиятдаги режимдан чуқур ранжиш ёки очиқча нафрат ҳис қилмоқда.

Толибийнинг эслатишича, Исроил томонидан йўқ қилинган ИИМК генерали Ғуломали Рашид 2022 йил сентябридаги оммавий намойишларни бостиришни шахсан мувофиқлаштирган шахслардан бири бўлган. Ўша воқеаларда тахминан 500 киши ҳалок бўлган, юзлаб инсон оғир жароҳат олган, ўн минглаб фуқаролар ҳибсга олинган ва шафқатсиз қийноқларга учраган.

Хулоса ўлароқ Ризо Толибий ҳозирги инқироз Эрон тарихидаги бурилиш нуқтасига айланиши мумкинлигини таъкидлади.

«Яқин кунларда расмий Теҳрон қандай қарор қабул қилишидан нафақат Ислом Республикасининг келажакдаги тақдири, балки бутун Яқин Шарқ минтақаси хавфсизлиги ҳам боғлиқ бўлади», — деб хулоса қилди эронлик эксперт.