Исроил Эронда оятуллоҳлар режимига қарши янги ҳужумларни бошламоқчи

10:00 | 4 дақиқада ўқилади.

Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу Эронга нисбатан янада кучли ва кенг қамровли ҳарбий амалиётлар бўлишини билдирди. У Теҳрон осмонида Исроил самолётлари кўриниш беришга яқин эканини таъкидлади.

Netanyahu99

Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу 14 июн куни қилган мурожаатида мамлакат ҳарбийлари Эрондаги оятуллоҳлар режимининг барча объектларини нишонга олишини билдирди. У Исроил ҳарбий-ҳаво кучлари Теҳрон осмонида учишга яқин қолганини айтди ва бугунги ҳужумлар яқин кунлардаги навбатдаги зарбалар олдида нисбатан арзимас кўринишини таъкидлади.

Нетаняҳунинг сўзларига кўра, охирги икки кунда амалга оширилган ҳаво ҳужумлари Эроннинг ядровий инфратузилмасига жиддий зарар етказган. ЦАҲАЛ етакчи олимлар гуруҳига зарба бергани ва ядровий дастурни бир неча йилга кечиктиргани қайд этилди. Шу билан бирга, Эроннинг баллистик қуроллари ва уларни ишлаб чиқариш салоҳияти ҳам нишонга олинган.

ЦАҲАЛ маълумотига кўра, Исроил авиацияси ғарбий Эрондан то Теҳронгача ҳаводаги устунликни қўлга киритган. Армия матбуот котиби Эффи Дефриннинг сўзларига кўра, ўтган тунда 70 дан ортиқ ҳарбий самолёт Эрон пойтахти ва унинг атрофидаги 40 нуқтага зарба берган.

Бунга жавобан Эрон президенти Масъуд Пизишкиён Исроилга янада кучли жавоб берилиши ҳақида огоҳлантирди. У бу ҳақда Покистон бош вазири билан суҳбатда маълум қилди.

АЭХА раҳбари Рафаэл Гросси эса Натанздаги ядровий объектда ер усти инфратузилмаси йўқ қилинганини тасдиқлади. Бироқ ер остидаги асосий уран бойитиш марказлари жиддий шикастланмаган.

Шунингдек, Брукингс институти ва Қуролланишни назорат қилиш уюшмаси мутахассислари Эрон ядровий дастурини тиклаш имкони жиддий равишда чекланганини таъкидламоқда. Бироқ улар АЭХАга ҳисобот бериш имконияти йўқолиши мумкинлигини ва уран махфий равишда бошқа жойга кўчирилиши хавфини ҳам эслатиб ўтишди.

Исфаҳон ва Фўрдудаги ядровий объектлар ҳам ҳужум нишонига айланган. Хусусан, Исфаҳондаги уранни қайта ишлаш маркази — мамлакатдаги ягона шундай иншоот бўлиб, унинг йўқ қилиниши Эрон ядровий имкониятларига жиддий зарба бўлиши мумкин.