Ўзбекистон ва Исроил ўртасидаги авиақатновлар тўхтатилди

10:30 | 2 дақиқада ўқилади.

Бекор қилинган рейслар йўловчилари авиачипталар бўйича мажбурий қайтариб олиш ёки кейинги саналарга бепул қайта брон қилиш учун мурожаат қилишлари мумкин.

Israel flight

Тел Авив аэропортида ҳаво маконидан фойдаланишга қўйилган вақтинчалик чекловлар сабаб, Uzbekistan Airways 16 июндан 30 июнгача Тошкент – Тел Авив – Тошкент йўналишидаги барча парвозларни вақтинча бекор қилди.

Авиакомпанияга кўра, ушбу қарор минтақадаги хавфсизлик ва навигация имкониятлари билан боғлиқ равишда қабул қилинган.

Бекор қилинган рейслар бўйича йўловчилар чипталарни мажбурий тартибда қайтариб олишлари ёки кейинги саналарга бепул қайта брон қилишлари мумкин. Бунда авиакомпаниянинг расмий ваколатхоналари ёки сайт орқали мурожаат қилиш талаб этилади.

Парвозлар қачондан қайта тикланиши борасида ҳозирча аниқ маълумот берилмаган.

Шунингдек, Air Samarkand ва Qanot Sharq авиакомпаниялари ҳам Самарқанд – Тел Авив – Самарқанд йўналиши бўйича парвозларни вақтинча тўхтатишган. БААнинг Air Arabia авиакомпанияси ҳам Марказий Осиё давлатларига парвозларни вақтинча тўхтатаётганини эълон қилди.