Россия президенти Владимир Путин АҚШ президенти Доналд Трамп билан 50 дақиқалик телефон суҳбати чоғида Москва Украина билан тўғридан-тўғри музокараларни 22 июндан кейин давом эттиришга тайёр эканини билдирди. Бу ҳақда Кремл раҳбарининг ёрдамчиси Юрий Ушаков маълум қилди.
ТАСС агентлиги тарқатган маълумотга кўра, Доналд Трамп бу маълумотни қабул қилиб, Россия ва Украина ўртасидаги можарони иложи борича тезроқ тугатишдан манфаатдорлигини яна бир бор таъкидлаган. Ушаковнинг таъкидлашича, икки давлат раҳбарлари ўртасидаги суҳбат самарали кечган ва шахсий муносабатлар ижобий баҳоланган.
Суҳбат давомида Путин Исроилнинг Эронга қарши ядровий ва ҳарбий иншоотларга қилган ҳужумларини қоралаган ҳамда Яқин Шарқдаги вазиятни жуда хавфли деб атаган. У шунингдек, Россия томонидан можароларни ҳал этишда воситачилик ёрдами таклиф қилинганини маълум қилган.
Бу орада, Украина президенти Володимир Зеленский ҳозирча Россия билан бўладиган музокаралардаги иштироки бўйича аниқ қарорга келмаганини айтди. Унга кўра, бу борадаги қарор 20–21 июн кунлари бўлиб ўтадиган ҳарбий асирлар алмашинувидан сўнг қабул қилинади.
Зеленскийнинг маълум қилишича, у 15–17 июн кунлари Канадада ўтадиган «G7» саммити доирасида Доналд Трамп билан шахсий учрашув ўтказишни режалаштирмоқда. Ушбу учрашувда Россия билан музокаралар ва Украина хавфсизлиги борасида фикр алмашиш кўзда тутилмоқда.