Россия темир йўл тизими банкротлик ёқасида турибди — Украина разведкаси

09:30 | 3 дақиқада ўқилади.

Россия темир йўлларида юк ташиш ҳажми 20 ойдан бери узлуксиз камаймоқда. Қарийб 300 минг бўш вагон темир йўлда қимирламай турибди. Бу ҳолат тизимни иқтисодий таназзулга олиб келмоқда.

Rjd

Украина Ташқи разведка хизматининг (СВР) 14 июн куни эълон қилинган маълумотларига кўра, Россия темир йўл тизими (РЖД) иқтисодий ва кадрлар танқислиги сабаб банкротлик хавфи остида қолмоқда. Сўнгги 20 ой ичида юк ташиш ҳажми изчил камайиб бормоқда. Фақат ўтган йили пасайиш 4 фоизни ташкил этган бўлса, жорий йилнинг беш ойида бу кўрсаткич 7 фоиздан ошиб кетган.

Айни пайтда темир йўл тизимида тахминан 300 минг вагон — бу умумий паркнинг 20 фоизига яқин қисмини ташкил этади — фойдаланилмаяпти. Бу эса ишлаб чиқариш самарадорлигига жиддий зарба бермоқда.

Муаммоларнинг асосий сабабларидан бири — ишчи кучи етишмовчилиги ҳисобланади. Мобилизация, аҳолининг хорижга чиқиб кетиши ва меҳнат мигрантлари оқимининг камайиши сабаб РЖДда минглаб ишчи ўринлари бўш қолмоқда. Хусусан, компания 2,5 минг машинист ва 3 мингга яқин бошқа мутахассисларга муҳтож.

Техник ҳолат ҳам оғир — 20 мингга яқин локомотивнинг ярмидан кўпроғи ёши ўтган ва янгиланишни талаб қилмоқда. Аммо вагон ва локомотив паркларини 2035 йилгача тўлиқ янгилаш учун ҳар йили 3–3,5 млрд доллар инвестиция талаб этилади. Компания бундай маблағларга эга эмас.

Молиявий қийинчиликлар оқибатида РЖД йирик инфратузилма лойиҳаларини қисқартиришга мажбур бўлди. Жумладан, Байкал-Амур ва Транссибир магистралларини кенгайтириш учун ажратиладиган маблағлар учдан икки қисмига камайтирилди. Шунингдек, Европа портларига йўналтирилган лойиҳалар ҳам вақтинча тўхтатилган.