Россиядаги фан соҳаси чуқур таназзулга юз тутмоқда. Мамлакатдаги репрессив муҳит, таъқиблар ва фанга нисбатан давлат сиёсати натижасида сўнгги олти йил ичида 60 мингдан ортиқ тадқиқотчи Россияни тарк этган.
Украина ташқи разведка хизмати маълумотларига кўра, ҳар йили мамлакатдаги олимларнинг тахминан 1 фоизи эмиграция қилмоқда. Бундай юқори суръатдаги «интеллектуал оқим» сўнгги марта 1990-йиллар охирида кузатилган.
Энг кўп тарк этилаётган соҳалар қаторида физика, информатика, астрономия ва математика бор. Россиялик олимлар кўпроқ Германия, АҚШ ва Швейцарияга кетмоқда. Лекин охирги йилларда Арманистон, Қозоғистон ва БАА ҳам янги йўналишлар сифатида рўйхатга кирган.
Разведка маълумотларида қайд этилишича, Россияда илм-фанга хизмат қилувчи мутахассислар турли шаклларда таъқиб қилинаётгани, баъзилари қамоққа олинаётгани ёки жисмоний тарзда йўқ қилинаётгани ҳам кузатилмоқда. Бу эса фан муҳитини қўрқув ва изоляцияга ботирмоқда.
Россиядаги мавжуд сиёсий вазият ва Кремлнинг фанга нисбатан сиёсатини «илмни системали равишда йўқ қилиш» деб баҳолаган разведка хизмати, бу оқибатда мамлакатда илмий салоҳият ва рақобатбардошлик тез суръатда йўқолиб бораётганини таъкидлаган.