Украина ўз баллистик ракеталарини оммавий ишлаб чиқаришга тайёрланмоқда

16:00 | 3 дақиқада ўқилади.

Украина президенти Володимир Зеленский мамлакатда «Сапсан» деб номланган баллистик ракеталарнинг оммавий ишлаб чиқарилишига тайёргарлик бошланганини маълум қилди. Бу ҳаракат Украина ҳарбий салоҳиятини оширишда муҳим қадам бўлиши мумкин.

Zelenskyy max

Украина президенти Володимир Зеленский 13 июн куни мамлакатда маҳаллий баллистик ракеталар — «Сапсан» (ёки «Гром-2») лойиҳаси доирасида оммавий ишлаб чиқариш босқичига тайёргарлик бошланганини билдирди. Унинг сўзларига кўра, ушбу тизимнинг муваффақиятли синовлари аввалроқ амалга оширилган.

Зеленский журналистлар билан суҳбатда батафсил маълумот бермаган ҳолда, ракеталар қачон ва қандай миқдорда ишлаб чиқарилишини айта олмаслигини таъкидлади. Шунингдек, у сўнгги пайтларда Украинанинг юқори раҳбарияти томонидан корректирланувчи авиабомбалар, дронлар, оптик-товуш технологиялари ҳамда ракеталар борасида бир неча муҳокамалар ўтказилганини айтди.

Айни куни Украина Ставкаси йиғилишида Зеленский Қуролли Кучларнинг таъминланиши, бригадаларнинг тўлиқлиги ва ракеталар дастури муҳокама қилинганини билдирди.

«Сапсан» Украина мудофаа саноати корхоналари томонидан ишлаб чиқилмоқда. Расмий тасдиқланмаган маълумотларга кўра, ракетанинг максимал парвоз масофаси тахминан 300 км бўлиб, ундаги зарбдор каллаги 480 кг ни ташкил этади.

Украина Армияси тадқиқотлар маркази раҳбари Валентин Бадрак эса май ойида ўтказилган синовда «Сапсан» ракета Россия ҳарбий объектини 300 км масофада уриб туширганини айтган. Унга кўра, ракета 5,2 МАХ (6370 km/h) тезликка эришган.