Хитойда 78 млрд доллар бойликка эга улкан олтин кони топилди

15:00 | 3 дақиқада ўқилади.

Хитойнинг Хунан провинциясидаги янги геологик топилма дунёдаги энг йирик олтин захираларидан бири деб баҳоланмоқда. Янгилик бутун қазиб олиш саноатида инқилоб ясаши мумкин.

China gold

Хитойнинг марказида жойлашган Хунан провинциясида улкан олтин кони аниқланди. Jasondeegan нашри ёзишича, Вангу номи билан маълум бўлган бу коннинг захиралари тахминан 78 млрд долларга баҳоланмоқда. Геологлар унинг дунёдаги энг катта конлар қаторига киришини таъкидламоқда.

Бошланғич бурғилаш ишлари давомида кон ичидаги икки минг метр чуқурликдаги захиралар 300 тонна деб баҳоланди. Аммо кенгроқ тадқиқотларга кўра, уч минг метргача бўлган ҳудудда олтин захиралари 1000 тоннага етиши мумкин. Бу жараёнда рудалардаги олтин миқдори жуда юқори — ҳар бир тонна рудани 138 грамм олтин ташкил этади.

Геолог Чен Жулиннинг таъкидлашича, айрим тош намуналарида олтин кўз илғайдиган даражада бўлган — бу замонавий геологияда кам учрайдиган ҳолат. Геологик жамоа янги 3D моделлаш технологиясидан фойдаланиб, кондаги захираларни аниқ хариталаштиришга муваффақ бўлди.

Хунан Геология бюроси директори ўринбосари Лю Юнцзюнг ушбу усул орқали нафақат асосий, балки перифериядаги истиқболли захираларни ҳам аниқлаш мумкинлигини маълум қилди. Унинг таъкидлашича, бу янгилик глобал олтин қазиб олиш саноатида янги босқични бошлаб бериши мумкин. Чунки энди аввал иқтисодий жиҳатдан самарасиз деб баҳоланган конларнинг ҳам ишлаб чиқарилиши мантиқий бўлади.