Японияда туғилишлар сони илк бор 700 мингдан пастга тушди

14:00 | 2 дақиқада ўқилади.

2024 йилда мамлакатда 686 минг чақалоқ дунёга келди. Бу кўрсаткич расмий статистика юритила бошлаганидан бери энг паст натижа ҳисобланади.

Japan people

Япония демографик инқироз йўлида олдинга яна бир қадам ташлади. 2024 йил якунларига кўра, мамлакатда туғилишлар сони 686 мингни ташкил этиб, биринчи марта 700 минглик чегарадан пастга тушди. Бу ҳолат ҳукуматнинг аввалги прогнозларидан ҳам даҳшатлироқ бўлиб чиқди.

Икки йил аввал Япониянинг Аҳоли ва ижтимоий хавфсизлик миллий институти 2039 йилга қадар туғилишлар сони 680 мингдан камаймаслигини башорат қилган эди. Бироқ ҳозирги ҳолат бу прогнозларнинг ортиқча оптимистик бўлганини кўрсатмоқда — прогнозда кутилган кўрсаткич атиги икки йил ичида амалга ошди.

Туғиш фоизи ҳам пасайишда давом этмоқда. 2024 йилда мамлакатдаги умумий фертиллик даражаси 1,15 ни ташкил этди. Солиштириш учун, 2023 йилда ушбу кўрсаткич 1,2 бўлган. Японияда фертиллик 1973 йилдан буён аҳолининг табиий тикланиш даражасидан паст бўлиб келмоқда.

Шунингдек, охирги икки йил мобайнида турмуш қуришлар сони ҳам 500 мингдан кам даражада шаклланмоқда. Бу эса демографик тангликнинг янада чуқурлашишига олиб келиши мумкин.