Яқин Шарқда урушнинг учинчи куни: Эрон Исроилга энг қонли зарбасини берди

15.06.2025 20:00 | 9 дақиқада ўқилади.

Эрон ва Исроил ўртасидаги ўзаро ракета билан зарбалар алмашинуви учинчи кун ҳам давом этмоқда. Эрон томонидан уюштирилаётган тобора ҳалокатли тус олмоқда, улар Исроилда фуқаролар ўртасида катта қурбонларга олиб келди. Исроил армияси эса зарбалар миқёсини кенгайтириб, ядровий ва ҳарбий объектлардан ташқари, Эрон иқтисодиёти учун стратегик аҳамиятга эга бўлган нефт ва газ инфратузилмасини ҳам нишонга олмоқда.

Iran war

Яқин вақт ичида Исроил янги ҳужумларни амалга ошириши кутилмоқда. Нишонлар яна ҳарбий объектлар бўлиши мумкин, аммо ҳужумлар шунчалик йирик кўламли бўлиши мумкинки, бу фақатгина ҳарбий эмас, балки тинч аҳоли ҳаётига ҳам хавф солади.

 

Исроилнинг учинчи кунги кенг кўламли зарбалари

Урушнинг учинчи кунида Исроил Эрон ҳудудига яна бир кенг кўламли ракетали ҳужум уюштирди. 14 июн кечаси Эроннинг энг йирик газ конларидан бири — Жанубий Парс ҳужумга учради ва унда газ қазиб олиш қисман тўхтатилди.

15 июнга ўтар кечаси эса Теҳрондаги асосий нефт омбори — Шаҳрон, Эрон мудофаа вазирлиги қароргоҳи, Мудофаавий инновациялар ва тадқиқотлар ташкилоти (SPND) биноси ва бошқа бир қатор объектларга зарбалар берилди.

Атом энергияси бўйича халқаро агентлик (АЭХА) маълумотларига кўра, Исфаҳондаги уранни қайта ишлаш заводи ҳам нишонга олинган — заводда уранни қайта ишлаш ва ёқилғи пластинкалари ишлаб чиқариш цехлари жумласида 4 та муҳим иншоот зарарланган.

Эрон ОАВ маълумотларига кўра, фуқаролик инфратузилмаси ҳам шикастланган — Теҳроннинг шимоли-шарқида жойлашган тураржой биноларидан бири ракетали зарба натижасида вайрон бўлган. Fars агентлиги хабар беришича, вайроналар остида 10 нафар бола ҳалок бўлган.

Исроил мудофаа армияси (ЦАҲАЛ) маълумотига кўра, кечаги ҳужумда 80 дан ортиқ объект нишонга олинган. Сўнгги уч кун ичида эса Исроил армияси Эрондаги 170 дан ортиқ нишонга зарба берган.

 

Эрон энг қонли жавоб зарбасини берди

Эрон бу ҳужумларга жавобан уруш бошланганидан бери энг ҳалокатли зарбалардан бирини амалга оширди. 15 июнга ўтар кечаси Исроилга тахминан 80 та баллистик ракета учирилди. Исроил маълумотларига кўра, камида 10 нафар тинч фуқаро ҳалок бўлган — улар орасида Тел Авив яқинидаги Бат Ям шаҳрида 6 киши, жумладан 2 нафар бола ва шимолдаги Тамра шаҳрида 4 нафар аёл бор.

Бат Ямдаги кўп қаватли тураржой биноси тўлиқ вайрон бўлган. 15 июн куни бу ерда олиб борилаётган қутқарув ишлари билан танишиш учун Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу келди ва Эронга албатта жавоб берилишини ваъда қилди.

Бутун Исроил бўйлаб 200 нафардан ортиқ киши тан жароҳати олган. Ҳужумлар оқибатида Реховот шаҳридаги Вайцман фан институтидаги илмий тадқиқот маркази биноси ва Ҳайфадаги Bazan нефт қайта ишлаш заводи ҳам шикастланган. Завод ишни тўхтатмаган.

Эроннинг Ислом инқилоби муҳофизлари корпуси (ИИМК) маълум қилишича, улар Исроил ҳарбий самолётлари учун ёқилғи ишлаб чиқарувчи объектларга ва Исроилнинг энергия таъминоти марказларига зарба беришган. Бу маълумотлар Исроил томонидан расман тасдиқланмаган.

 

Фуқаролар ўртасида қурбонлар сони ортиб бормоқда. Исроил учун ўтган тун энг қонлиси бўлди

Эрон зарбалари натижасида мамлакатда уч кундан кам вақт ичида камида 13 нафар фуқаро ҳалок бўлди. Шу билан бирга, Исроилнинг ҳужумлари Эронда 138 нафар одамнинг ҳаётига зомин бўлди. Бу рақамлар Эрон расмийларининг баҳолашларига асосланади.

Қурбонлар орасида Исроилнинг фикрича, зарбалар учун легитим нишон бўлган юқори даражали ҳарбийлар ва ядро дастури муҳандислари билан бирга, оддий фуқаролар ҳам бор.

 

15 июн кундузи Исроил ҳужумларини қайта бошлади

15 июн куни тушдан кейин Исроил яна Эронга қарши янги ҳужумларни бошлади. Бунинг олдидан ЦАҲАЛнинг форс тилидаги расмий вакили Ислом Республикаси аҳолисига мурожаат қилиб, қурол-яроғ ишлаб чиқариш объектлари ва уларга хизмат қилувчи инфратузилма яқинида яшовчи тинч фуқароларни вақтинча хавфсиз ҳудудларга эвакуация қилишга чақирган.

Бу огоҳлантиришдан бир неча соат ўтиб, Теҳронда кучли портлашлар садоси эшитилди. The Jerusalem Post нашри маълумотига кўра, ҳужум нишонларидан бири Меҳробод аэропорти бўлиши мумкин. Аммо ҳозирча бу янги ҳужумнинг аниқ нишонлари ва оқибатлари ҳақида расмий маълумотлар берилмаган.

 

Эрон ядро келишуви бўйича музокараларни давом эттиришга тайёр эканини эълон қилди

15 июн куни Эрон ташқи ишлар вазири Аббос Ароқчий мамлакат ядро келишуви бўйича АҚШ билан музокараларни давом эттиришга тайёрлигини маълум қилди. Унинг сўзларига кўра, Ислом Республикаси раҳбарияти Исроил зарбалари режалаштирилишида Вашингтоннинг иштирокига ишонади. Шу билан бирга, Эрон ҳукумати Доналд Трамп маъмурияти билан атом дастури бўйича муваффақиятли келишувга эришиш учун музокарани қайта бошлаш эҳтимолини истисно қилмаяпти.

Исроил зарбалари айнан ушбу ядро дастури ҳарбий мақсадда қўлланилмоқда, деган шубҳалар билан изоҳланган эди.

Бу баёнотга АҚШ Оқ уйи томонидан ҳозирча расмий муносабат билдирилмаган.