662 минг хонадон томорқасига 25–30 йил ичида илк бор сув етиб борди

16.06.2025 14:00 | 2 дақиқада ўқилади.

Президент Шавкат Мирзиёев видеоселектор йиғилишида қатор соҳалардаги муаммоларни таҳлил қилиб, уларнинг аниқ ечимларини кўрсатиб ўтди. Жумладан, томорқаларни сув билан таъминлаш ишларига катта маблағ ажратилгани, аммо экиндан даромад олиш механизми етарли йўлга қўйилмаётгани танқид қилинди.

Markaziy osiyoda suv

Йил бошидан 867 та оғир тоифадаги маҳаллага сув чиқариш учун 1,4 трлн сўм маблағ йўналтирилган. Бу орқали 662 минг хонадон томорқасига, жами 80 минг гектар ерга 25–30 йил ичида илк бор сув етиб борган. Аммо бу майдонларда сердаромад экинлар экиш, йилига 2–3 марта ҳосил олишни ўргатиш ва унга мос тизим яратишда сусиш кузатилмоқда.

Президент: «Томорқага сув етказиш учун сарфланган 1 сўм ҳисобидан ҳеч бўлмаганда 2–3 сўмлик маҳсулот яратилса, 662 минг оила мавсумда қўшимча 5–6 миллион сўм даромад кўради!» — деб таъкидлади.

Мисол тариқасида, Қорақалпоғистондаги 89 та маҳаллага 150 миллиард сўм ажратилган. Давлат раҳбари ушбу маблағ ҳисобига томорқалардан 350–400 миллиард сўмлик қўшимча маҳсулот етиштириш бўйича аниқ тизим яратиш вазифасини мутасаддилар зиммасига юклатди.

Йиғилишда таъкидланишича, аҳолининг томорқасини самарали юритиш нафақат шахсий даромад манбаи, балки ички бозорни маҳсулот билан тўлдириш, инфляцияни жиловлашда ҳам муҳим аҳамият касб этади.