АҚШ долларининг захира валюта сифатидаги мавқеи тобора кўпроқ муҳокама қилинмоқда. Айниқса, BRICS давлатларининг сўнгги йиллардаги фаоллиги бу борадаги саволларни кўпайтирди. Хусусан, савдони маҳаллий валюталарда юритиш, олтин захираларини ошириш, сиёсий мустақилликни мустаҳкамлашга қаратилган чоралар доллар устунлигига бевосита таҳдид солмоқда.
JP Morgan банкининг бош директори Жейми Даймоннинг таъкидлашича, АҚШ доллари ҳозирча ўз мавқеини сақлаб турибди, аммо бу чексиз давом этмайди. Унга кўра, агар Қўшма Штатлар ўзининг ҳарбий ва иқтисодий устунлигини йўқотса, доллар 40 йил ичида глобал ҳукмронлик мақомини бой бериши мумкин.
«Доим мендан бир савол сўрашади: Биз захира валютаси бўлиб қоламизми? Жавоб — йўқ, агар биз дунёдаги энг кучли армия ва энг етакчи иқтисод бўлмасак, — деди JPMorgan бош директори. — 40 йилдан кейин АҚШ доллари захира валютаси бўлмайди. Бу — ҳақиқат. Тарихни ўқисангиз, кўрасиз».
Бу фикрлар BRICS давлатлари АҚШ долларини четлаб ўтиш ва янги тизим яратишга ҳаракат қилаётган бир пайтда айтилди.
Даймоннинг қўшимча қилишича, агар Оқ уй вазиятни назоратда сақлаб қолишга ва барқарорлаштириш чора-тадбирларини кўришга эришса, доллар ўз мавқеини сақлаб қолади. Оқ уй учун асосий синов — АҚШ долларини BRICS давлатларининг ҳужумидан ҳимоя қилишдир.