Маълумотларга кўра, 1981 йилда туғилган, аввал судланган фуқаро 360 млн сўмлик солиқ қарздорлигини тўламаганлиги сабабли Иқтисодий суд томонидан банкрот деб топилган ғишт ишлаб чиқарувчи МЧЖнинг солиқ қарздорлигини тўлиқ тўламасдан, заводга нисбатан қўйилган тақиқни ўзининг мансабдор танишлари орқали бекор қилдириб, унинг фаолиятини тиклаб бериш эвазига МЧЖ раҳбаридан 4000 АҚШ доллари талаб қилади.
Завод раҳбаридан 4000 АҚШ доллари талаб қилган шахс Давлат хавфсизлик хизмати ва Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти томонидан ўтказилган тезкор тадбирда 3000 долларни олдиндан олаётган пайтида ушланган.
Тадбир давомида, бу жиноий ҳаракатда иштирок этган Қамаши туман солиқ инспекцияси бошлиғининг ўринбосари ҳам ушбу миқдордаги пора билан ашёвий далиллар асосида қўлга олинган.
Ҳозирда ҳар иккала шахсга нисбатан жиноят иши қўзғатилган ва тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.