«Эрон ҳеч қачон ядровий қуролга эга бўлмаслиги керак» — Фридрих Мерц

09:00 | 3 дақиқада ўқилади.

Германия канцлери Эронга нисбатан кескин баёнот бериб, Яқин Шарқдаги кескинлашувнинг олдини олиш учун дипломатик саъй-ҳаракатларни давом эттиришга чақирди.

Fridrich merz 1

15 июн, якшанба куни Германия канцлери Фридрих Мерц Уммон султони ва бош вазири Ҳайсам ибн Ториқ Ол Саид билан телефон орқали суҳбат ўтказди. Суҳбат давомида Мерц Эрон ядровий қурол ишлаб чиқаришига йўл қўйиб бўлмаслигини таъкидлади. Бу ҳақда Германия ҳукумати расмий баёнот берди.

Иккала давлат раҳбарлари Яқин Шарқдаги вазиятни муҳокама қилар экан, муаммони кучайтириш эмас, аксинча, эскалациянинг олдини олиш мақсадга мувофиқлигини таъкидлашди. Улар тинчлик йўлида дипломатик воситалардан кенг фойдаланиш кераклигида ҳам фикр бирлигига келишди.

Мерц суҳбат чоғида Уммон султонига Эрон ва АҚШ ўртасидаги музокаралардаги воситачилик роли учун алоҳида миннатдорлик билдирди. Уммон сўнгги йилларда ядровий келишувни тиклаш борасида муҳим дипломатик ҳаракатларда иштирок этиб келмоқда.

Германиядаги исроиллик ва яҳудий жамоатлар хавфсизлиги масаласи ҳам муҳокама марказида бўлди. Мерц ўз чиқишида Эронга қарши Исроил зарбаларидан сўнг Германиядаги яҳудий муассасалари ва Исроил объектлари атрофида хавфсизлик чоралари кучайтирилганини маълум қилди.

Шу куни Франция ҳукумати ҳам мамлакатда шунга ўхшаш хавфсизлик чоралари кўрилаётганини билдирди. Бу Яқин Шарқдаги танглик Европа давлатларини ҳам жиддий ташвишга солаётганини кўрсатади.