Евроиттифоқ ва Буюк Британия сўнгги ойларда денгиз орқали етказиб бериладиган Россия нефтига қўйилган 60 долларлик чекловни 45 долларга тушириш ташаббуси билан чиқишган. Сабаб — нефт бозоридаги умумий нархлар пасайиб, амалдаги чеклов самарасизга айланмоқда.
Манбаларнинг таъкидлашича, Канада, Британия ва эҳтимол Япониядан ижобий муносабатлар бор. Европа мамлакатлари G7 саммити майдонидан фойдаланиб, АҚШдан расмий қўллаб-қувватлаш олишга уринмоқда.
Бироқ, Вашингтон бу масалада ҳали аниқ қарорга келмаган. Шу билан бирга, Япониянинг позицияси ҳам номаълумлигича қолмоқда. Шу сабабли, Европа Иттифоқи ва Британия эҳтимолий кечиктиришлар ёки рад этиш ҳолатларига қарамай, ташаббусни ўз қўлига олишга тайёр.
Бу қарор амалга ошса, Россия денгиз нефти экспортида қийинчиликка дуч келиши мумкин, айниқса агар мазкур юклар учун ғарбдаги суғурта компаниялари хизматлари талаб этилса.