Ҳар бир раҳбар топшириқ кутмасдан ташаббус кўрсатиши шарт

10:00 | 3 дақиқада ўқилади.

Президент Шавкат Мирзиёев раислигида видеоселектор йиғилиши бошланди. Унда амалга оширилаётган ислоҳотлар самарадорлиги, ҳудудлардаги ҳолат ва аҳолини ўйлантираётган муаммолар муҳокама қилинмоқда.

Mirziyoyev

Йиғилиш аввалида сўнгги беш ойда эришилган натижаларга тўхталиб ўтилди. Мамлакатда саноат 6,4 фоизга ўсган, экспорт ҳажми 18 фоизга, хорижий инвестициялар эса 46 фоизга кўпайган. Қиймати 3 миллиард доллар бўлган 2,5 мингдан зиёд янги ишлаб чиқариш қувватлари ишга туширилган. Шу даврда 2 миллион 400 минг киши даромадли меҳнатга жалб этилган.

Шу билан бирга, Президент жаҳондаги геосиёсий мураккабликлар, хусусан, яқинда авж олган янги можаро Ўзбекистон минтақасига ҳам таъсир қилиши мумкинлигини таъкидлади. Агар кескинлик давом этса, пандемиядан кейин тикланаётган халқаро савдо ва логистика алоқалари яна қийинлашиши мумкин.

Шу муносабат билан давлат раҳбари барча даражадаги раҳбарларга муҳим тавсия берди: ҳокимлар ва вазирлар эндиликда ўз ҳудуди ва соҳасидаги хавф ва имкониятларни олдиндан англаб, топшириқ кутмасдан мустақил ташаббус кўрсатиши керак. Уларнинг асосий вазифаси эса аҳоли ва бизнес билан доимий мулоқот қилиб, муаммоларга тезкор ечим топишдан иборат бўлиши лозим.

Президент, шунингдек, тинчлик, адолат ва инсон қадрини улуғлашга бўлган эҳтиёж ҳозир ҳар қачонгидан ҳам юқори эканини таъкидлади.