Ҳар бир вилоят ва тумандаги Халқ қабулхонасига ҳокимнинг ўзи раҳбарлик қилади

16.06.2025 13:30 | 2 дақиқада ўқилади.

Президент Шавкат Мирзиёев халқ қабулхоналари тизимидаги камчиликлар ва натижасиз фаолиятни танқид қилиб, унда ишлаётган барча ходимларни бугундан бошлаб ишдан бўшатиш бўйича қарор қабул қилди. Уларни фидойи, муаммога ечим бера оладиган янги кадрлар билан алмаштириш белгиланди.

Xalq qabulxonasi

Янги тизимга кўра, эндиликда ҳар бир вилоят ва тумандаги Халқ қабулхонасига ҳокимнинг ўзи раҳбарлик қилади. Президент таъкидлаганидек, ҳокимлар ҳар куни иш кунини айнан халқ қабулхонасида бошлаб, аҳоли дарди ва ташвишларини тинглаши шарт.

«Ҳокимлар бир нарсани тушуниб олсин, бугун туғилган муаммони кейинги кунга қолдиришга йўл қўйилмайди. Мурожаатни бошқа идорага юбормасдан, шу ернинг ўзида ҳал қилиш керак», — деди Президент қатъий оҳангда.

Бу мақсадда туман ҳокимларининг ваколатлари кенгайтирилиб, масалаларни ҳал қилиш учун уларга қўшимча ресурслар ҳам ажратилади. Бу орқали мурожаатларга нисбатан амалий ёндашув кучайтирилиши ва аҳоли ишончини қайта тиклаш мақсад қилинган.

Йиғилишда таъкидланганидек, янгиланган Халқ қабулхоналари аҳолининг ҳақиқий дардини эшитадиган ва ечим берадиган манбага айланиши шарт.