Исроил–Эрон уруши Россия фойдасига ишлади

16.06.2025 21:46 | 3 дақиқада ўқилади.

Сўнгги кунларда халқаро геосиёсий зиддиятлар фонида Россия нефти нархи сезиларли даражада кўтарилди. Жумладан, Urals брендидаги нефть баррели нархи 4400 рублдан 5000 рублгача чиқди. Бу Россия бюджети учун вақтинчалик енгиллик бўлиши мумкин.

Oil russua

Исроилнинг Эрон билан уруши бу йил нефть ва газ даромадларининг кескин тушишига дуч келган Россия бюджети учун «қутқарув ҳалқаси»га айланмоқда.

«Хазинанинг ҳар тўртинчи рубли боғлиқ бўлган Россиянинг Urals нефти нархи можаро бошлангандан бери деярли 15 фоизга кўтарилди», — деб ёзишмоқда БКС таҳлилчилари.

10 июнда 4400 рубл бўлган баррель нархи 13 июнга келиб 5000 рублга етди. Яъни бор-йўғи уч кун ичида 15 фоизлик ўсиш қайд этилди.

Бироқ, ҳозирча Urals нархи ҳукумат дастлаб мўлжаллаган даражага (бир бочка учун 6700 рубл) ҳам, Иқтисодий ривожланиш вазирлигининг қайта кўриб чиқилган прогнозига (унинг асосида май ойида бюджет қайта ҳисоблаб чиқилган эди) ҳам етмаяпти, дея таъкидлайди БКС.

Биринчи чоракда Urals’нинг рублдаги нархи 5900 рубл атрофида турган эди. Бу эса январь-март ойларида бюджетнинг нефт-газ даромадлари 10 фоизга камайишига олиб келди.

Ҳозирча нархнинг кўтарилиши Россия молиясига қисқа муддатли наф бериши мумкин. Аммо бу тенденция узоқ сақланиш-сақланмаслиги геосиёсий вазиятга боғлиқ бўлиб қолмоқда.