Исроилликлар Эронга қарши урушни қўллаб-қувватламоқда, бироқ уруш чўзилишидан хавотирда

15:45 | 10 дақиқада ўқилади.

Дўконлар ва ресторанлар ёпилган. Мактаблар вақтинча тўхтаган. Аэропорт фаолияти тўхтаган. Фуқаролар тун бўйи бомбалар ёғилиши остида паноҳгоҳлар ва ётоқхоналар орасида сарсон. Якшанба куни энг йирик газетанинг биринчи саҳифасида битта сўз ёзилган эди: «Тарих».

Tel aviv1

Исроилда ҲАМАС томонидан уюштирилган ҳужум ва Ғазодаги уруш бошланганидан буён — 20 ой ичида барча нарса ўзгарди. Аммо сўнгги кунларда юз берган воқеалар анча бошқача — Исроил Эронга нисбатан мислсиз ҳужумни амалга оширди, Эрон эса жавобан баллистик ракеталар билан бутун шаҳар кварталларини йўқ қилди. Бу эса Исроилнинг машҳур «Темир гумбаз» ҳаво ҳужумидан ҳимоя тизими борлигига қарамасдан рўй берди, деб ёзмоқда Bloomberg.

«Кўпқаватли биноларни йиқитаётган ракеталар одамларда урушга нисбатан шубҳа уйғотмайди. Уларга шунчаки шундай фикр келади: агар Эронда янада каттароқ бомба бўлганида, шубҳасиз бизга қарши ишлатган бўларди», — дейди Қуддусдаги Яҳудий университети социологи Гад Яир.

Ҳозирча жамоатчилик фикри сўровлари ўтказилмаган бўлса-да, Исроил аҳолиси — камида 80 фоизни ташкил этувчи яҳудийлар — яна байроқ атрофида жипслашган ва бу жанг узоқ ва оғриқли бўлиши мумкинлигини англаган кўринади.

Бош вазир Бинямин Нетаняҳунинг Ғазо урушидаги ҳаракатлари учун хорижда жиддий танқидларга учраётганини ҳисобга олган ҳолда, баъзи хорижликлар унинг бошчилигидаги яна бир— бу сафар 90 миллион аҳолига эга ва Исроилдан 1700 км узоқда жойлашган мамлакатга қарши ҳарбий уруш бундай кўп қўллаб-қувватланаётганига ҳайрон бўлиши мумкин.

Бироқ Эронга қарши кураш 2023 йил 7 октябрда бошланган урушнинг мантиқий давоми сифатида кўрилаётган. Ўша куни Эрон қўллаб-қувватлаётган ҲАМАС жангчилари Исроилга бостириб кириб, 1200 нафар одамни ўлдирган ва 250 кишини асир олган эди.

Бу Исроилнинг Ғазога қарши қаттиқ жавоб зарбасини келтириб чиқарди, кейинроқ эса Эроннинг прокси кучлари — Ливаннинг «Ҳизбуллоҳ»и ва Ямандаги ҳусийчилар урушга тортилиб кетди. Исроил расмийлари ва таҳлилчилари шундан бери шундай фикр билдириб келаётганди: ушбу кучлар нейтраллаштирилгандан сўнг, кураш Теҳронга кўчирилиши керак бўлади.

Шу нарса энди рўй берди — Эрон томонидан юз берган ракетали ҳужумларда ўнлаб одам ҳалок бўлган, 400 киши яраланган бўлса-да, исроилликлар ҳозирча ўз позициясидан чекингани йўқ.

«Исроилликлар интуиция билан ишлашга ўрганган», — дейди Яир. Унга кўра, Эрондаги амалга оширилган операция — ўнлаб юқори лавозимли расмий ва олимлар ўлдирилгани, Теҳрон ракеталари қуввати пасайтирилгани ва ядро объектларига шикаст етказилгани — ҳозирги босқичда кейинги қадамлар ҳақида қарор қабул қилиш учун асос бўлиб хизмат қилмоқда.

Оддий исроилликлардан айримлари бундай сценарийни қабул қилмоқда.

«Эрон ядровий қурол яратмоқда. Агар уларни тўхтатиш учун яна бир ой бомбадан паноҳгоҳда ухлашимга тўғри келса — розиман», — дейди Тел Авивдаги таомхона яқинида дўстлари билан сэндвич еяётган 33 ёшли диетолог Келли Бускица.

Хавфсизлик сабабли ресторанлар ёпилган бўлса-да, машҳур Cafe Nordoy кафеси егуликларни олиб кетиш учун очиқ қолган. Жамоат хизмати сифатида унинг бошқарувчиси ҳар қандай булочкани бепул қилиб берилишини эълон қилган.

Якшанба куни Исроил кўчалари одатдагидан анча бўш, лекин бутунлай бўш эмас эди. Чунки Бош қўмондонлик одамларга қаерда ва қаергача паноҳгоҳда бўлиш кераклиги ҳақида мунтазам ахборот юбориб туради (12–15 дақиқа олдин). Шунинг учун Тел Авивнинг қуёшли пляжлари  27°C ҳароратдан баҳра олаётган одамлар билан тўлган эди.

Исроил аҳолисининг 20 фоизи — фаластинлик фуқаролар, мусулмон ва насронийлар — Нетаняҳунинг Эронга ҳужумига бошқача қарашда бўлиши мумкин.

Айрим араб шаҳарларида Тел Авивга ракета тушганида байрамлар бўлган. Аммо бошқа бир араб шаҳри ҳам нишонга олинган — бу ерда тўрт киши ҳалок бўлган ва умумий тақдир ҳисси янада мустаҳкамланган.

Нетаняҳунинг танқидчилари ҳам ҳозирча у келтирган асосни қабул қилмоқда: Исроил ҳаракат қилишга мажбур бўлган, чунки Эрон бойитилган уран асосида қурол яратиш йўлида анча илгарилаган ва унинг прокси кучлари унга энди камроқ ёрдам бера олади.

Шунга қарамай, кўп исроилликлар Эрон ракеталарининг келтирган вайронгарчиликларидан шокда. Янги ахборот дастурлари маҳаллий даҳшат, вайрон бўлган уйлар ва касалхонага олиб кетилаётган яраланганлар манзараси билан тўлиб-тошган. Эрон арсеналида яна тахминан 1500 ракета борлиги айтилмоқда, бомбардимонлар яна бир неча ҳафта давом этиши мумкин.

Баъзи хавфсизлик ва минтақавий таҳлилчиларнинг айтишича, бу урушнинг охири тушунарсиз. Агар Исроил Эроннинг ядро дастурини — унинг асосий элементлари ер остида жойлашган — йўқ қилиб юборолмаса, унда уруш қачон ва қандай тугаши мумкин?

«Биз ўзимизни битмас-туганмас урушда топамиз, — дейди Тел Авивдаги Миллий хавфсизлик тадқиқотлари институтида фаолият юритувчи, илгари Эрон бўйича ҳарбий таҳлилчи бўлган Дэнни Цитринович. — Исроилда сўлчи ёки ўнгчи эканлигидан қатъи назар Эрон масаласидаги умумий консенсус бор ва бу хавотир уйғотмоқда. Ҳеч ким савол бермаяпти, ҳеч ким Нетаняҳунинг қарорини шубҳа остига қўймаяпти».

Бошқалар эса Исроил ўзининг бугунгача эришган натижаларини қайта баҳолаши ва Эрон ядро дастурини дипломатик йўл билан тўхтатишга уриниши керак, демоқда.

«Исроил ўз ютуқларига кўр-кўрона берилиб кетмаслиги, пировард натижада урушни чўзиб юбормаслиги керак, — деб ёзади Йоав Лимор радикал-ўнгчиларнинг «Israel Hayom» газетасида. — Биз энди вазиятдан чиқиш йўлларини излашимиз керак».