Келдиёровани «хоҳлаётган» Абе, туҳмат ва ҳақорати сабаб қамалган Қобил Дўсов  — 15 июн дайжести

16.06.2025 22:00 | 6 дақиқада ўқилади.

Кун давомида Ўзбекистонда юз берган воқеалар, ҳодисалар ёритилган янгиликлар ва хабарларнинг энг муҳимларини яна бир бор эсга оламиз.

Abe

Президент 9 та вазирлик бўлимини ҳокимликка ўтаказди

Президент ташаббуси билан 9 та вазирликнинг туман бўлимлари ҳокимлик тизимига ўтказилиб, ҳокимларга кенг ваколатлар берилди.

Бу янгилик туман ва шаҳарларда бошқарув, иш ҳақи ва интизом тизимида туб ўзгаришларга сабаб бўлади. Янги тизимга кўра, иқтисодиёт ва молия, инвестиция, қишлоқ хўжалиги, бандлик, қурилиш, экология, маданият, оила ва хотин-қизлар, ёшлар сиёсатига масъул бўлган туман бўлимлари ҳокимликка ўтказилади.

Ҳоким энди бу идоралардаги штатлар таркибини ўзи белгилаб, ишга олиш ёки бўшатиш масалаларини мустақил ҳал этади.

 

Қобил Дўсов 5 йилу 2 ойга қамалди

Шайхонтоҳур туман суди томонидан чиқарилган ҳукмга кўра, Бўстонлиқ туман кенгашининг собиқ депутати ва фаол блогер Қобил Дўсов умумий режимдаги колонияда 5 йилу 2 ой муддатга жазо ўтайдиган бўлди.

Бу ҳукм 2023 йилдан буён давом этаётган ҳуқуқий жараённинг навбатдаги босқичидир. Суд ҳукмига мувофиқ, 1984 йилда туғилган Қ.Дўсов 5 нафар жабрланувчига нисбатан Жиноят кодексининг 139-моддаси (туҳмат) 3-қисми «а» банди, 140-моддаси (ҳақорат қилиш) 3-қисми «а» банди ва 237-моддаси (ёлғон хабар бериш) 2-қисми «г» бандида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбли деб топилган.

 

410 та мактаб олдига радарлар ўрнатилади

«Хавфсиз болалик» дастури доирасида 2025 йил якунига қадар магистрал ёқасидаги 410 та мактаб олдига радарлар ўрнатилади, 500 км дан ортиқ тротуар ва 300 дан зиёд кўтарма пиёдалар йўли қурилади.

ЙҲХХ вакили Фаррух Мирзабоевнинг билдиришича, шунингдек, мактаблар олдига 208 та тугмачага эга светофор, 217 та мобил светофор, 865 та кўтарма пиёдалар йўли ва 1599 та сунъий ётқизиқликлар ўрнатилган. Шунингдек, 7598 та металл тўсиқ, 109 та кузатув камераси жойлаштирилган.

 

Президент камералар фақат жарима ёзиш учун ишлаётганини танқид қилди

Бугун ўтказилган видеоселектор йиғилишида давлат раҳбари сўнгги етти йилда йўл қурилиши ва таъмирига 61 трлн сўм йўналтирилганини, лекин ўлим билан боғлиқ йўл-транспорт ҳодисаларининг 75–80 фоизи айни шу халқаро ва республика аҳамиятидаги йўлларда рўй бераётганини маълум қилди.

Йиғилишда аҳолининг жамоат транспорти сифати ва йўллардаги тирбандликлардан жиддий норози экани қайд этилди. Камералар фақат қоидабузарликни аниқлаш ва жарима тайинлаш учун эмас, балки умуман транспорт ҳаракатини назорат қилиш, оқимни бошқариш ва авариялар олдини олиш воситаси сифатида ишлатилиши лозимлиги таъкидланди.

 

Ута Абе Диёра Келдиёровадан «қасос» олмоқчи

Япония дзюдоси юлдузи Ута Абе Венгрияда ўтган жаҳон чемпионатида бешинчи марта чемпионликни қўлга киритди.

Ғалабадан сўнг у ўзининг асосий рақибларидан бири, ўзбекистонлик Диёра Келдиёровани эслаб ўтди.

«Олимпиада ўтганига ҳам анча бўлди, мен бу мусобақа медалини қўлга киритишни жуда ҳам хоҳлагандим. Келдиёрова бу ерда бўлмаганидан ҳафсалам пир бўлди. Умид қиламанки, у қайтади, шунда мен ундан реванш оламан», — деди Ута Абе журналистлар билан суҳбатда.