«Корзинка»га 110 млн долларлик инвестиция киритилади

13:45 | 2 дақиқада ўқилади.

Ўзбекистондаги энг йирик чакана савдо тармоғи — «Корзинка» 110 млн доллар миқдоридаги йирик инвестиция битимини тўлиқ якунлади. Бу мамлакатда хусусий бизнес соҳасида эришилган энг катта келишувлардан бири ҳисобланади.

Korzinka

Битим доирасида «Корзинка»га Abu Dhabi Uzbek Investment ҳамда Ўзбекистон–Ўмон Инвестиция Компанияси томонидан сармоя киритилди. Ушбу келишув Тошкент халқаро инвестицион форуми доирасида имзоланган эди.

Янги маблағлар тармоқни янада кенгайтириш, жумладан, «Корзинка Маҳалла» ва «Корзинка Го» лойиҳаларини ривожлантиришга йўналтирилади. Инвестиция натижасида компания нафақат савдо миқёсини кенгайтиради, балки бошқарув даражасида ҳам янги босқичга чиқишни кўзламоқда.

Мазкур жараён давомида «Корзинка» Кузатув кенгашига уч нафар янги аъзо — Ян Дюннинг (собиқ Magnit ва Lenta раҳбари), Екатерина Эриксен (ЕТТБ директори ўринбосари) ва Сарвар Ҳамидов (Abu Dhabi Uzbek Investment бош директори)ни жалб этди.

Кузатув кенгашининг янгиланган таркибида шунингдек Пол Фоли, Мартин Эллинг, Алишер ва Зафар Ҳошимовлар ҳам фаолият юритмоқда. Бу нафақат компаниянинг бошқарув самарадорлигини ошириш, балки уни глобал бозорлар учун ҳам жозибадор қилишга хизмат қилиши кутилмоқда.