Назорат инспекцияси тугатилди, ижрони назорат қилиш Ҳисоб палатаси зиммасига ўтди

12:30 | 2 дақиқада ўқилади.

Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигидаги видеоселектор йиғилишида Президент Администрацияси ҳузуридаги Назорат инспекциясининг фаолияти кескин танқид қилинди ва уни тугатиш бўйича қарор қабул қилинди.

Mirziyoyev 2

Давлат раҳбари инспекцияга берилган ваколатлар натижасиз бўлаётганини таъкидлаб, унинг фаолияти ҳақида шундай деди: «Вазирларга яхши кўриниш учун, улар нимани берса, шуни кўтариб келмасдан, масалаларни ўрганиб, айбдорларни жазолаш бўйича нега таклиф киритмайди?». Унинг таъкидлашича, бу орган ўз вазифаларини самарали бажармаган.

Йиғилишда ижро интизомини мустаҳкамлаш ва аҳоли муаммоларини ҳал қилишга қаратилган мутлақо янги тизим яратилиши белгиланди. Энди бу вазифаларни Ҳисоб палатаси бажаради ва унинг ваколатлари кенгайтирилади.

Янги тизимга кўра, Ҳисоб палатаси фақат давлат маблағларининг тўғри сарфланишини эмас, балки ҳар бир қарорнинг қанчалик самара берганини, унинг аҳоли учун қандай натижа келтирганини таҳлил қилади.

Палата раиси ҳар ойда қарорлар ижроси бўйича заиф нуқталар, масъулиятсиз раҳбарлар ва ишламаётган тизимлар юзасидан таҳлилий маълумот ва таклифларни тўғридан-тўғри Президентга тақдим этади.

Бу ислоҳот орқали ижро интизоми устувор вазифалар қаторига чиқарилиб, давлат бошқарувида аниқлик ва жавобгарлик кучайтирилиши кутилмоқда.