Бугун ўтказилган видеоселектор йиғилишида давлат раҳбари сўнгги етти йилда йўл қурилиши ва таъмирига 61 трлн сўм йўналтирилганини, лекин ўлим билан боғлиқ йўл-транспорт ҳодисаларининг 75–80 фоизи айни шу халқаро ва республика аҳамиятидаги йўлларда рўй бераётганини маълум қилди.
Йиғилишда аҳолининг жамоат транспорти сифати ва йўллардаги тирбандликлардан жиддий норози экани қайд этилди. Камералар фақат қоидабузарликни аниқлаш ва жарима тайинлаш учун эмас, балки умуман транспорт ҳаракатини назорат қилиш, оқимни бошқариш ва авариялар олдини олиш воситаси сифатида ишлатилиши лозимлиги таъкидланди.
Йўллардаги чорраҳалар, белгилар ва чизиқларни тўғрилаш, светофорларни ақлли бошқарувга ўтказиш ишларида ҳам кечикишлар кузатилаётгани танқид қилинди. Ҳатто пойтахтда сунъий интеллект асосида ҳаракатни бошқариш бўйича тақдимот бўлиб ўтганига анча вақт ўтган бўлса-да, реал натижа йўқлиги алоҳида кўрсатиб ўтилди.
Президент томонидан жамоат транспортидаги мавжуд муаммоларга, аҳоли мурожаатларига ва ҳудудлардаги инфратузилма ҳолатига жиддий эътибор қаратилиши шартлиги таъкидланди. Қабул қилинаётган ислоҳотлар амалда самара бериши кераклиги яна бир бор уқтирилди.