Қобил Дўсов 5 йилу 2 ойга қамалди: ҳукм жамоатчиликда муҳокамага сабаб бўлди

16:40 | 5 дақиқада ўқилади.

Блогер ва собиқ депутат Қобил Дўсов пробация шартларини бузгани ва аввалги жазо талабларига риоя қилмагани сабабли Шайхонтоҳур туман суди томонидан 5 йилу 2 ойга озодликдан маҳрум этилди. Суддаги сўзлари эса кенг жамоатчилик муҳокамасига сабаб бўлди.

Qobil do'sov

Шайхонтоҳур туман суди томонидан чиқарилган ҳукмга кўра, Бўстонлиқ туман кенгашининг собиқ депутати ва фаол блогер Қобил Дўсов умумий режимдаги колонияда 5 йилу 2 ой муддатга жазо ўтайдиган бўлди. Бу ҳукм 2023 йилдан буён давом этаётган ҳуқуқий жараённинг навбатдаги босқичидир.

Суд ҳукмига мувофиқ, 1984 йилда туғилган Қ.Дўсов 5 нафар жабрланувчига (Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги, Навоий вилояти мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси мутасадди ва масъуллари, Чирчиқ шаҳри ИИБ Пробация бўлими катта инспектори) нисбатан Жиноят кодексининг 139-моддаси (туҳмат) 3-қисми “а” банди, 140-моддаси (ҳақорат қилиш) 3-қисми “а” банди ва 237-моддаси (ёлғон хабар бериш) 2-қисми “г” бандида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбли деб топилган.

Эслатиб ўтамиз, 2023 йил ноябр ойида Дўсов мактабгача ва мактаб таълими вазири ўринбосари Фарҳод Боқиевни ҳақорат қилгани учун 1 йил озодликни чеклаш жазосига тортилган эди. Унга кечки соат 21:00 дан 07:00 гача уйидан чиқмаслик, интернетдан фойдаланмаслик ва оммавий тадбирларда иштирок этмаслик талаблари қўйилган эди.

Бироқ, 2024 йил 24 январда Яшнобод туман суди томонидан белгиланган шартлар бузилгани қайд этилди. Пробация бошқармаси ва ички ишлар органлари Дўсовнинг жазо талабларини қасддан четлаб ўтаётганини ва профилактик чоралар самарасиз бўлганини билдириб, унинг озодликни чеклаш жазосини қамоқ жазосига алмаштиришни сўрашган. Суд бу таклифни маъқуллаган.

Сўнгги суд муҳокамасида Дўсовга нисбатан 6 йиллик қамоқ жазоси сўралди, бироқ унга нисбатан Жиноят кодексининг 59, 61-моддаларига асосан 5 йилу 1 ой озодликдан маҳрум қилиш жазоси, Жиноят кодексининг 59-моддаси 8-қисми тартибида мазкур ҳукм билан тайинланган жазога жиноят ишлари бўйича Арнасой туман судининг 2025 йил 24 февралдаги ҳукми билан тайинланган жазони қисман қўшиш йўли билан ўташ учун узил-кесил 5 йилу 2 ой озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайиланди.

Тайинланган жазони умумий тартибли колонияларда ўташ белгиланди. Ҳукмда Қобил Дўсовнинг Facebook’даги профили ҳамда Telegram’даги канали фаолияти тўхтатилиб, блокланиши ҳам белгиланган.

Судда сўзга чиққан Дўсов: «Чиқарилган ҳукм менга эмас, таълимнинг келажагига чиқарилган», — деган баёноти билан ижтимоий тармоқларда яна катта муҳокамага сабаб бўлди. Қайд этиш жоиз, Дўсовнинг фаолияти ва баёнотлари аввалданоқ жамоатчилик ва таҳлилчилар диққат марказида бўлиб келаётган эди. Янги ҳукм ушбу баҳс ва муҳокамаларни янада кучайтирди.