Озиқ-овқат нархларининг кўтарилиши туфайли россияликлар овқатланиш рационини ўзгартиришга мажбур бўлмоқда. Хусусан, улар картошкадан воз кечишни бошладилар, чунки май ойининг охирига келиб унинг нархи ўтган йилга нисбатан 173 фоизга ошди — бу расмий статистика мавжуд бўлган 23 йил ичидаги энг юқори кўрсаткичдир.
Олий иқтисодиёт мактабининг «Тараққиёт маркази» ҳисоб-китобларига кўра, 2025 йилнинг биринчи чорагида россияликлар ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 8 фоиз кам картошка сотиб олишган.
Тежаш мақсадида улар нон, макарон ва ёрма маҳсулотларига ўтишга мажбур бўлишди. Бу маҳсулотларнинг сотуви мос равишда 6%, 5% ва 3% га ошди, деб хабар бермоқда «Независимая газета».
«Тараққиёт маркази» директор ўринбосари Светлана Мисихина таъкидлашича, ҳозирги кунда россияликларнинг картошка сотиб олиш имконияти илгаригига нисбатан анча пасайган. Бу илдизмевани харид қилиш имконияти бир йил ичида қарийб 45 фоизга камайган.
Шунингдек, пиёз (17 фоизга) ва сариёғ (15 фоизга) нархларида ҳам салбий тенденция кузатилган бўлиб, улар май ойига келиб йиллик ҳисобда 41% ва 34% га қимматлашган. Бироқ, Мисихина қўшимча қилишича, ўртача аҳоли учун ёрма ва макарон маҳсулотларини сотиб олиш имконияти 12 ва 14 фоизга ошган.
Марказий банк россияликлар овқатланиш рационидаги ўзгаришларни уларнинг «юқори сифат кўрсаткичларига эга» маҳсулотларни истеъмол қилишга бўлган истаклари билан изоҳлаган.
Росстат маълумотларига кўра, 2025 йилнинг дастлабки тўрт ойида озиқ-овқат маҳсулотларининг ўртача нархлари ўтган йилга нисбатан 12 фоиз юқори бўлган. Айниқса, сабзавотлар нархида рекорд даражадаги ўсиш кузатилди.
Жумладан, май ойида картошка нархи ўтган йилга нисбатан 173 фоизга ошди. Унинг ўртача чакана нархи 1 килограмм учун 84,7 рублни ташкил этди.
Пиёзнинг ўртача чакана нархи йиллик ҳисобда 87,2 фоизга кўтарилиб, 1 килограмм учун 72,3 рублга етди. Оқ карам нархи эса 56,8 фоизга ошиб, энди 1 килограмми 75,2 рублдан сотилмоқда. Лавлаги нархи 11,9 фоизга, помидор эса 1,2 фоизга қимматлашди.
11 июнь куни Саноат ва савдо вазирлиги энг кўп талаб қилинадиган сабзавотлар нархларини давлат томонидан тартибга солишни жорий этишни таклиф қилди.
Гап етказиб берувчилар ва савдо тармоқлари ўртасидаги узоқ муддатли шартномалар тузишга ўтиш ҳақида борди. Бу шартномаларда «борш тўплами»га кирувчи сабзавотларнинг минимал ва максимал сотиш нархлари белгиланади.
Россия Фанлар академиясининг Халқ хўжалигини прогнозлаш институти маълум қилишича, озиқ-овқатга бўлган талаб истеъмол бозорининг барқарор ўсиб бораётган ягона сегменти бўлиб қолмоқда.
Шу билан бирга, бошқа товарлар савдосининг ўсиши тўхтаб қолган. Бу, айниқса, автомобиллар, маиший электроника, музлатгичлар ва кир ювиш машиналарига тааллуқли.
Умуман олганда, 2025 йилнинг биринчи чораги якунларига кўра, чакана савдо айланмасининг ўсиши 3,2 фоизгача секинлашган.