Трамп Исроил ва Эрон ўртасидаги музокараларда Путинни воситачи сифатида кўришга тайёр

09:20 | 4 дақиқада ўқилади.

Доналд Трамп Исроил ва Эрон ўртасидаги кескин қарама-қаршиликни бартараф этиш учун Россия президенти Владимир Путинни воситачи сифатида жалб қилиш имкониятини муҳокама қилганини маълум қилди. Унинг айтишича, Путин бу ролга тайёрлигини билдирган.

Trump999

АҚШ президенти Доналд Трамп ABC News билан суҳбатда Владимир Путиндан Исроил ва Эрон ўртасидаги можарони ҳал этишда воситачилик қилиш юзасидан таклиф тушганини ва у бу таклифга очиқ эканини билдирди. «У менга бу ҳақда қўнғироқ қилди. Биз узоқ суҳбатлашдик», — деди Трамп.

Трампнинг таъкидлашича, ҳозирги босқичда АҚШ можарога тўғридан тўғри аралашмаган, аммо эскалация кучайса, аралашув эҳтимоли бор. Truth Social платформасида у икки давлатни тинчлик келишувига чақирди ва илгари Ҳиндистон ҳамда Покистонни ҳам шундай келишувга мажбур қилганини эслатди.

Президент шунингдек, ўзининг аввалги президентлик даврида Сербия ва Косово ўртасидаги можарони тўхтатганини, Миср ва Эфиопия ўртасидаги низоларга барҳам беришда воситачи бўлганини қайд этди. «Худди шундай, биз Исроил ва Эрон ўртасида ҳам тинчликка эришамиз!» — деди Трамп.

Эслатиб ўтамиз, Исроил 13 июнга ўтар кечаси Эронга қарши кенг кўламли ҳарбий амалиёт бошлади. Ушбу зарбалар ядровий қурол ишлаб чиқаришнинг олдини олиш мақсадида амалга оширилгани маълум қилинган. Исроил армияси Эрондаги бир қатор стратегик объектларни, жумладан, ядровий инфратузилмаларни нишонга олди. Ўнлаб юқори лавозимли ҳарбийлар ва ядровий олимлар ҳалок бўлгани айтилмоқда.

Жавоб тариқасида Эрон юзлаб баллистик ракеталарни Исроилга қарата отди. Исроил маълумотларига кўра, ҳужум натижасида камида 13 тинч фуқаро ҳалок бўлди, юзлаб киши жароҳат олди.

15 июн куни Эрон ташқи ишлар вазири Аббос Арагчи Исроилни музокараларни бузишга уринишда айблади ва АҚШнинг ҳужумларда иштирок этмаганига ишонмаслигини билдирди. Шу билан бирга, Эрон ядровий қурол ишлаб чиқаришдан воз кечиш тўғрисидаги келишувга тайёрлигини, аммо тинч атом энергетикасига бўлган ҳуқуқидан воз кечмаслигини таъкидлади.

Бу орқали Iran International нашри Али Хоманаий аппарати раҳбарининг ўринбосари Али Асқар Ҳижозий Россия расмийлари билан мамлакатни тарк этиш имкони ҳақида ёпиқ музокаралар олиб бораётганини маълум қилди. Москва, хабарларга кўра, унга ва оиласига хавфсиз эвакуация кафолатларини берган.