АҚШ президенти Доналд Трамп Исроилнинг Эрон олий раҳбари оятуллоҳ Али Хоманаийга қарши қатл амалга ошириш режасини маъқулламади. Бу ҳақда Reuters икки юқори лавозимли Америка расмийларига таянган ҳолда хабар берди. Улардан бири АҚШ ҳозирча Эрон раҳбариятига қарши бундай тажовузкор чораларни маъқуллашга тайёр эмаслигини айтган.
«Эронликлар америкаликни ўлдирдими? Йўқ. Демак, биз бундай ҳаракатларни муҳокама ҳам қилмаймиз», — деган манбалардан бири агентликка.
Хабарларга кўра, Исроил расмийлари Вашингтонни Хоманаийга қарши амалга оширилиши мумкин бўлган «реал имконият» ҳақида огоҳлантирган. Аммо Трамп бундай сценарийни рад этган. Унинг бу қарорини бевосита айтгани ёки эмаслиги номаълум, аммо унинг Исроил Бош вазири Бинямин Нетаняҳу билан тўғридан тўғри алоқалари борлиги қайд этилган.
The Wall Street Journal эса аввалроқ, Хоманаий «иммунитетга эга эмас»лигини маълум қилганди. Манбага кўра, агар бу ҳужум Эрон ядровий дастурини тўхтатишга ёрдам берса, ҳар қандай мақсадли шахсга зарба берилиши мумкин. Газета маълумотларига кўра, Исроил авиацияси Эроннинг ядровий инфратузилмасига катта зарар етказган.
Эслатиб ўтамиз, 13 июнга ўтар кечаси Исроил Эронга қарши катта ҳарбий амалиёт бошлади. Исроил армияси (ЦАҲАЛ) бир неча ядровий ва ҳарбий объектларга зарба берди. Уларнинг маълум қилишича, ҳужумда 20 нафардан зиёд юқори лавозимли ҳарбийлар ва 9 нафар етакчи ядрочи олимлар ҳалок бўлган.
Бунга жавобан Эрон юзлаб баллистик ракеталарни отиб, Исроилга оммавий зарба берди. Исроил расмийларининг маълум қилишича, ҳужумда камида 13 нафар тинч аҳоли вафот этган, юзлаб киши яраланган.
15 июн куни Эрон ташқи ишлар вазири Аббос Ароқчий мамлакат ядровий қурол ишлаб чиқармаслик тўғрисида келишув тузишга тайёрлигини айтди. Аммо Iran International манбаларига кўра, Эрон элитасининг айрим вакиллари Россия билан эҳтимолий эвакуация ҳақида ёпиқ музокаралар олиб бормоқда.