Президентимиз томонидан эълон қилинган янги ислоҳотга мувофиқ, мамлакатда туманлар даражасида бошқарув тизими тубдан қайта кўриб чиқилади. Жорий йил якунига қадар бу тажриба Сурхондарё вилоятида тўлиқ жорий этилади, қолган ҳудудларда эса 15 та туман ва шаҳарда босқичма-босқич амалга оширилади.
Янги тизимга кўра, иқтисодиёт ва молия, инвестиция, қишлоқ хўжалиги, бандлик, қурилиш, экология, маданият, оила ва хотин-қизлар, ёшлар сиёсатига масъул бўлган туман бўлимлари ҳокимликка ўтказилади. Ҳоким энди бу идоралардаги штатлар таркибини ўзи белгилаб, ишга олиш ёки бўшатиш масалаларини мустақил ҳал этади.
Президент бу ташаббусни Сирдарё тумани мисолида кўрсатиб, бошқарувдаги бўшлиқлар ва масъулиятсизликни бартараф этиш муҳимлигини таъкидлади. Янги тизим фуқароларга яқин, фаол ва масъулиятли бошқарувни шакллантиришни кўзлайди.
Ҳокимликларда иш муҳитини янада жозибадор қилиш мақсадида 1 августдан бошлаб вилоят ва туман ҳокимликлари ходимларининг иш ҳақи оширилади. Шунингдек, ойлик маошга устама ва бонуслар жорий қилинади. Шу билан бирга, вазифасини бажара олмаган мансабдорларга нисбатан интизомий чоралар кўрилиши белгиланди.
«Ғалвирни сувдан кўтариб, ким нима иш қилгани бўйича қаттиқ сўров қиламан», — деди Президент маърузаси якунида. Ушбу жараёнда Президент Администрацияси, Ҳукумат ва вилоят ҳокимлари тўлиқ масъул этиб белгиланди.