Ички ишлар вазирлиги қошидаги Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати (ЙҲХХ) 13 июнь куни ўтказган матбуот турида, 2025 йилнинг биринчи чорагида мактаблар ёнида болалар иштирокида ҳеч қандай йўл-транспорт ҳодисаси қайд этилмаганини маълум қилди.
Маълумотларга кўра, Ўзбекистонда ҳозирда 10 минг 770 та мактаб бор ва уларда тахминан 6,7 миллион нафар ўқувчи таҳсил олмоқда.
ЙҲХХ вакили Фаррух Мирзабоевнинг билдиришича, «Хавфсиз болалик» дастури доирасида мактаблар олдига 208 та тугмачага эга светофор, 217 та мобил светофор, 865 та кўтарма пиёдалар йўли ва 1599 та сунъий ётқизиқликлар ўрнатилган. Шунингдек, 7598 та металл тўсиқ, 109 та кузатув камераси жойлаштирилган.
Унинг сўзларига кўра, 5150 та мактабда йўл ҳаракати қоидалари ўқитиладиган махсус синфлар ташкил этилган ва 42 минг 300 дан ортиқ «хавфсиз йўналиш харитаси» ишлаб чиқилган. Йўл патрул хизмати ходимлари мактаблар ёнида болаларнинг хавфсиз йўлни кесиб ўтиши учун масъул қилиб тайинланган.
2025 йилда ушбу дастур доирасида қуйидаги ишлар амалга оширилиши режалаштирилган:
• магистрал йўлларда 3224 та йўл белгиси ўрнатилади;
• 325 км тротуар қурилади;
• 28 та ер ости ёки ер устидан ўтувчи йўл қурилади;
• 410 та мактаб олдига радарлар ўрнатилади.
Шаҳар кўчаларида эса 320 та кўтарма пиёдалар йўли, 650 та сунъий тўсиқ, 272 та тугмачага эга светофор ва 197 км тротуар қуриш режалаштирилган. Шунингдек, 2491 мактабда йўл хавфсизлиги бўйича таълим синифлари фаолияти ташкил этилади.
UNICEFнинг 2024 йил ноябридаги ҳисоботида болалар ўртасида ЙТҲ оқибатидаги ўлим ва жароҳатлар сони ортиб бораётгани қайд этилган эди. Болалар ҳуқуқлари бўйича вакил Сурайё Раҳмонова ЙҲХХ билан ҳамкорликда ушбу хавфларни камайтириш юзасидан иш олиб бормоқда.