KFC, Evos ва Oqtepa Lavash — 2025 йилда солиқ тўлаш бўйича етакчи

19:00 | 3 дақиқада ўқилади.

Ўзбекистонда 2025 йилнинг январ–апрел ойларида умумий овқатланиш фаолияти билан шуғулланувчи қарийб 20 мингта корхона 528,5 млрд сўм солиқ тўлади. Бу тушумнинг 19,1 фоизи бор-йўғи 20 та йирик компания ҳисобига тўғри келади.

Kfc

Давлат солиқ қўмитаси маълумотларига кўра, умумий овқатланиш соҳасида фаолият юритаётган 19 986 та юридик шахс томонидан 2025 йилнинг дастлабки тўрт ойида 528,5 млрд сўм миқдорида солиқ тўланган.

Ушбу миқдорнинг 101,1 млрд сўми — 19,1 фоизи — соҳадаги энг йирик 20 та корхона ҳисобига тўғри келмоқда. Мазкур корхоналарнинг жами товар айланмаси 1,2 трлн сўмни, уларга берилган солиқ имтиёзлари эса 11,8 млрд сўмни ташкил этди.

Солиқ тўловчилар ичида энг катта тўловчи — KFC тармоғининг Ўзбекистондаги фрашизаси «International Foodchain» МЧЖ бўлиб, у 31,2 млрд сўм солиқ тўлади. Кейинги ўринларда Evos — «Mak Food Servis» (20,3 млрд сўм), Oqtepa Lavash — «Oqtepa Food Service» (12,2 млрд сўм) корхоналари қайд этилган.

Энг кўп тўланган солиқ турлари бўйича эса ҚҚС — 42,7 млрд сўм (42,2 фоиз), жисмоний шахслар даромад солиғи — 25,6 млрд сўм (25,3 фоиз), фойда солиғи — 20,5 млрд сўм (20,3 фоиз)ни ташкил этди. Қолган қисми ижтимоий ва бошқа солиқлар ҳиссасига тўғри келади.

Бу рақамлар умумий овқатланиш соҳаси нафақат аҳоли эҳтиёжини қондиришда, балки солиқ бюджетининг барқарор манбаи сифатида ҳам муҳим аҳамиятга эга эканини кўрсатади.