Америкадан харидори чиққан Шомуродов, гўшт нархи бўйича ҳокимларга огоҳлантириш — 17 июн дайжести

21:40 | 6 дақиқада ўқилади.

Кун давомида Ўзбекистонда юз берган воқеалар, ҳодисалар ёритилган янгиликлар ва хабарларнинг энг муҳимларини яна бир бор эсга оламиз.

Shoma

Америкаликлар Элдор Шомуродов эшигини яна тақиллатмоқда

Il Messaggero нашрининг хабар беришича, «Атланта Юнайтед» ўзбекистонлик ҳужумчининг эшигини яна бир бор тақиллатмоқда.

Roma Press маълумотига кўра, Америка клуби унга бир йил аввал ҳам қизиқиш билдирган, аммо музокаралар сўнгги босқичда тўхтаб қолган. Бироқ бу сафар Шомуродовнинг MLS’га йўл олиши эҳтимоли юқори, чунки «Рома» ўзбек футболчисини келгуси мавсумда асосий таркибга киритишни режалаштирмаяпти.

 

Фарғонадаги чегара божхона постлари 24 соатлик иш тартибига ўтди

Давлат божхона қўмитаси маълумотларига кўра, 2025 йил 18 июндан бошлаб Фарғона вилояти божхона бошқармасига қарашли бир нечта чегара пунктлари янги иш тартибига ўтди.

Улар орасида «Фарғона» чегара божхона пости, Шоҳимардон қишлоғида жойлашган «Оқ қия» божхона пункти ва Сўх туманидаги «Чашма» чегара пункти бор. Эндиликда ушбу божхона постлари 24 соат узлуксиз фаолият юритади. Бу қарор минтақавий алоқаларни фаоллаштириш, чегара орқали ҳаракатни енгиллаштириш ҳамда аҳоли ва тадбиркорлар учун қулайлик яратиш мақсадида қабул қилинган.

 

Энди ўз номингизга кредит олинишини тақиқлаш мумкин

Жисмоний шахслар энди ўз хоҳишига кўра, ўзлари иштирок этмасдан ёки хабарисиз кредит битими расмийлаштирилишини тақиқлаш имкониятига эга.

Ушбу бепул хизмат 2025 йил 6 июндан «Кредит-ахборот таҳлилий маркази» кредит бюроси томонидан жорий қилинди.

Хизматдан фойдаланиш учун кредит бюросининг расмий веб-сайти орқали:

— Ариза топшириш;

— Реестрга киритиш ёки чиқариш амалларини бажариш мумкин.

 

Гўшт қимматлашса — ҳоким ишдан кетади

Президент Шавкат Мирзиёев қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари нархини барқарор сақлаш ва суд қарорларини ижро этиш масалалари юзасидан мутасаддиларга қатъий топшириқлар берди.

«Ҳокимларни ҳам огоҳлантираман, ушбу янги механизм асосида гўшт, сут, парранда гўшти ва тухум нархи барқарор бўлиши шарт. Буни эплай олмаганлари ишдан кетади», — деди Президент.

 

Мактаб ўқувчиларига «репетитор» учун давлат томонидан субсидия жорий этилди

Энди камбағал оилалар реестрида турган оилалар фарзандлари қўшимча таълимга жалб этилади. Бунда таълим харажатларининг 80 фоизи давлат бюджети ҳисобидан қопланади, қолган 20 фоизини эса ота-оналар тўлайди.

Ўқувчилар тўгаракларга ихтиёрийлик асосида қатнашади. Уларнинг ота-оналари билан таълим ташкилотлари ўртасида шартномалар ЯИДХП (my.gov.uz) орқали расмийлаштирилади.

Ҳар бир тўгарак учун 1 нафар ўқувчига 1 ойлик тўлов белгиланган лимитдан ошмаслиги лозим: 7−11 ёшдаги ўқувчилар учун дарсдан кейинги гуруҳларда — БҲМнинг 1 баравари, 12−18 ёшдагилар учун умумтаълим ва чет тиллари бўйича — БҲМнинг 2 баравари, ахборот технологиялари ва касб-ҳунар йўналишларидаги тўгараклар учун эса — БҲМнинг 4 бараваригача.