Айрим дорихоналар 2,6 млрд сўм асоссиз даромад олгани фош этилди

16:10 | 3 дақиқада ўқилади.

2025 йил давомида 225 та дорихонада ўтказилган ўрганишлар натижасида 2,6 млрд сўмдан зиёд асоссиз даромад аниқланди. Низога сабаб — белгиланган савдо устамаларига риоя этилмагани.

Dori

Рақобат қўмитаси томонидан “Fair Tech” ягона ахборот тизими орқали республика бўйлаб 225 та дорихонада текширув ўтказилди. Текширув натижасида 62 мингдан ортиқ ҳолатда дори воситалари савдосида қонунбузарлик кузатилиб, 2,6 миллиард сўм миқдорида асоссиз даромад қайд этилди.

Айни ҳолатлар бўйича белгиланган тартибда иш қўзғатилиб, маблағларни қайтариш юзасидан чоралар кўрилди. Савдода энг кўп бузилиш ҳолатлари “GARMONIYA FARM”, “EVRO FARM BIZNES” ва “TAR PHARM ALLIANCE” масъулияти чекланган жамиятлар фаолиятида аниқланган. Хусусан, “GARMONIYA FARM”да 5191 та, “EVRO FARM BIZNES”да 1744 та ва “TAR PHARM ALLIANCE”да 1695 та ҳолат қайд этилган.

Қўмита Махсус комиссияси ушбу компаниялар фаолияти бўйича иш қўзғатди ва асоссиз нарх ошириш ҳолатларини бартараф этиш мақсадида ҳуқуқий чоралар кўрмоқда.

Шу билан бирга, Қўмита рецепт асосида сотиладиган дори воситалари белгиланган чекланган нархлардан юқори нархда сотилган тақдирда, чора кўрилиши ҳақида дорихоналарни расмий равишда огоҳлантирди.

Маълумот учун, Президент қарори асосида Рақобат қўмитасига автоматик равишда дори воситалари нархлари бўйича маълумотлар келиб тушиши йўлга қўйилган. Бу эса қонунбузарликларни тезкор аниқлаш ва олдини олиш имконини бермоқда.