Дунё ядровий қурол бўйича янги қуролланиш пойгаси босқичига кирди — SIPRI

09:20 | 3 дақиқада ўқилади.

Сўнгги ўн йилликларда кузатилган глобал ядровий қуролларни қисқартириш жараёни якун топмоқда. SIPRI ҳисоботига кўра, дунё давлатлари оммавий қирғин қуролларини яна кўпайтирмоқда ва қурол назорати бўйича келишувлардан чекинаётгани кузатилмоқда.

Arm race

Стокҳолм тинчликни ўрганиш институти (SIPRI) 16 июн куни эълон қилган йиллик ҳисоботида қайд этилишича, дунёдаги еттидан ортиқ давлат ўз ядровий қуролларини кўпайтириш ва жанговар ҳолатда сақлаш сиёсатини олиб бормоқда. Институт таҳлилчиларига кўра, бу совуқ уруш тугаганидан бери давом этган ядровий қуролсизланиш даврининг якунланганини англатади.

2025 йил бошида дунёда умумий ҳисобда 12 минг 241 та ядровий снаряд бўлган. Уларнинг тахминан 9 минг 614 таси ҳарбий омборларда сақланаётган бўлиб, эҳтимолий қўллаш учун шай ҳолатда турибди. Қолган қисми, яъни 2100 таси жанговар каллаги юқори жанговар тайёргарлик ҳолатида, асосан АҚШ ва Россия ихтиёрида сақланаётгани таъкидланади.

Ҳисоботда қайд этилишича, АҚШ, Россия, Хитой, Буюк Британия, Франция, Ҳиндистон, Покистон, Шимолий Корея ва Исроил ядровий қуролларни ривожлантириш ва сонини кўпайтиришни режалаштирмоқда. Хусусан, Хитой ва Ҳиндистон ядровий салоҳиятини шиддат билан кенгайтираётган давлатлар сифатида тилга олинган.

SIPRIнинг таъкидлашича, ядровий қуроллар сонини қисқартиришга оид халқаро шартномалар — хусусан АҚШ ва Россия ўртасидаги шартномалар — ўз кучини йўқотмоқда. Айрим давлатлар, жумладан Россия ва АҚШ, турли келишувлардан бир томонлама чекиниб, ядровий мувозанатни бузмоқда.

Шу билан бирга, ядровий риториканинг кучайиши, давлатлар ўртасидаги ишончсизлик ва глобал хавфсизлик муаммолари фонида ҳеч бир давлат ўз салоҳиятини камайтиришга тайёр эмаслиги кузатилмоқда.

Мутахассислар ядровий қуролланишнинг янги босқичи халқаро хавфсизлик учун жиддий хавф туғдиришини, бу жараённи назоратсиз қолдириш инсоният учун кутилмаган оқибатларга олиб келиши мумкинлигини таъкидламоқда.