The Wall Street Journal манбаларига кўра, Эрон расмийлари АҚШ ва Исроилга араб давлатлари орқали мурожаат йўллаб, ҳарбий ҳаракатларни дарҳол тўхтатиш ва ядровий дастур бўйича музокараларга қайтишга тайёр эканини билдиришди. Аммо бу таклифга жавоб сифатида Исроил ҳозирча ҳеч қандай рағбат билдирмаяпти — чунки Исроил ҳарбий-ҳаво кучлари Эрон осмонида тўлиқ устунликни қўлга киритган.
Теҳрон араб дипломатларига билдиришича, агар АҚШ Исроил ҳужумларига қўшилмаса, Эрон музокараларга ўтиши мумкин. Исроилга йўлланган хабарларда эса ҳар икки томон зўравонликни чеклашдан манфаатдор экани айтилган. Исроилнинг жума куни бошлаган ҳаво зарбалари натижасида Эрон ҳарбий раҳбарияти ва ҳарбий ҳаво кучлари юқори қўмондонлари ҳалок бўлган, Олий раҳбар Али Хоманаий эса амалда сиёсий изоляцияда қолган.
АЭХА маълумотига кўра, бу ҳужумлар Эроннинг асосий ядровий объектларига жиддий зарар етказмаган. Фўрду ва Хундобдаги объектлар бутунлигича сақланган, Натанздаги экспериментал заводнинг ер усти қисмигина вайрон қилинган. Шунга қарамай, Исроил ҳужумларини давом эттиришга тайёр экани билдирилмоқда.
Араб дипломатлари таъкидлашича, Теҳрон Исроил узоқ муддатли урушга тайёр эмас, деган умид билан дипломатик ечимга қайтишга ҳаракат қилмоқда. Аммо Фўрду каби ер остида жойлашган ядровий иншоотларга жиддий зарар етказиш учун АҚШнинг махсус авиабомбаларисиз бундай амалиёт амалга оширилмайди.
Эрон музокараларда уран бойитишдан воз кечишга тайёр эмаслигини билдирган. Бу эса Вашингтон талаб қилаётган асосий шартлардан бири. Исроил манбаларига кўра, Тел Авив камида уран бойитишни тўхтатишни Эрон томонидан муваффақиятли музокаралар учун биринчи қадам деб ҳисоблайди.
Воситачиларнинг таъкидлашича, Эрон тарафидан ҳеч қандай муроса белгиси кузатилмаяпти. Агар музокара имкони йўқолса, Теҳрон ядровий дастурни тезлаштириши ва ҳарбий фаолиятни янада кенгайтириши мумкинлигини билдирган.